Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий “Ameriсan Kindergarten” иш бошлади
12:21 / 2025-12-13

Гулистон шаҳрида халқаро стандартлар асосида фаолият юритувчи “Ameriсan Kindergarten” хусусий мактабгача таълим муассасаси ўз эшикларини очди. Янги муассаса 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган 90 нафар болани қамраб олиш имкониятига эга бўлиб, таълим жараёни тўлиқ инглиз тилида олиб борилади.

Тантанали очилиш маросимида Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, соҳа мутахассислари, ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Вилоят раҳбари ўз нутқида боғчанинг ишга туширилиши Сирдарёда замонавий таълим экосистемасини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам эканини таъкидлаб, педагогик жамоага фаолиятларида муваффақият тилади.

Боғчада таълим Play-Based Learning ўйини орқали табиий тил ўрганилади. STEAM Early Education билан ижодкорлик ва дастлабки муҳандислик кўникмалари ривожлантирилади. Шунингдек, таълим Montessori методининг элементлари ҳамда Cambridge Early Years дастури асосида олиб борилади. Бундай ёндашув болаларнинг табиий қизиқишларини ошириб, мустақил фикрлаш ва ижодий тафаккурларини рағбатлантиради.

Боғча фаолиятини йўлга қўйиш жараёнида 20 та янги иш ўрни яратилди. Тажрибали педагогик жамоа шакллантирилган бўлиб, улар орасида хорижий мутахассислар ва илмий даражаларга эга ўқитувчилар ҳам фаолият юритишмоқда.

“Ameriсan Kindergarten” Rustam Bosimov номидаги хусусий мактаб таркибида очилган. Мазкур мактаб 2016 йилда битта ўқитувчи билан математика тайёрлов курсидан фаолият бошлаган бўлса, ҳозирда мингга яқин ўқувчини олий таълим муассасаларига киришга тайёрлади. Битирувчиларнинг айримлари Буюк Британия, Жанубий Корея, АҚШ ва Австралия каби мамлакатларнинг нуфузли университетларида таҳсил олиб келмоқда. Янги боғчанинг очилиши эса ушбу таълим экотизимини янада мукаммаллаштириб, болаларга инновацион усуллар асосида сифатли таълим бериш имконини яратади.

Муассаса таъсисчиси Рустам Босимов таъкидлаганидек, мазкур мактабгача таълим муассасасида бошқа шу турдаги боғчалардан фарқли ўлароқ барча машғулотлар тўлиғича инглиз тилида олиб борилади. Энг асосийси, бу ерда болалар учун мустаҳкам бошланғич таянч яратилади.

Ғулом Примов, ЎзА