English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонамизнинг даҳо адиби
07:24 / 2020-12-12

Атоқли ёзувчи, оташин публицист, файласуф, моҳир дипломат, нотиқ ва муҳаррир Чингиз Айтматов нафақат қирғиз халқининг, балки бутун туркий элларнинг, жумладан, ўзбек халқининг ҳам севимли ёзувчиси эди. Чингиз Тўрақулович Айтматов 1928 йил 12 декабрда Қирғизистоннинг Талас водийсидаги Шакар овулида дунёга келди.

12 декабрь – Чингиз Айтматов таваллуди куни

"Ўзбекистон– менинг жоним, менинг юрагим.

 Бу масканда руҳим ва танам нафас олиб ором олади. 

 Ўзбекистон – маданият бешиги ".

Ч. Айтматов.

 Ўзбекистонда бу улуғ ёзувчининг китоблари кириб бормаган бирор хонадонни, унинг соф муҳаббат туйғулари билан суғорилган қисса ва романларини ўқимаган китобхонни топиш қийин.

Унинг «Мен учун ўзбеклар ва қирғизлар бир халқ. Бу– менинг халқим» деган сўзлари икки қондош ва жондош халқнинг тинч, аҳил ва дўст бўлиб яшаши йўлида жон куйдириб, ибратли фаолият олиб борганининг яққол далилидир...

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилнинг 2 апрелдаги  “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда китоб мутолааси, ёшлар тарбияси давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида танланганини яна бир марта исботлади. Зеро, Чингиз Айтматов дунёга китоб берган, китоб орқали инсоният олдида турган муаммолардан халос бўлиш йўлини кўрсата олган адиб саналади.

«Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайтда, бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан дўсти эди», – дейилади ҳужжатда.

Таъкидланишича, ўтган асрнинг 80-йилларида собиқ марказ томонидан уюштирилган «ўзбек иши», «пахта иши» каби ноҳақ сиёсий кампаниялар чоғида Чингиз Айтматовнинг адолат ва ҳақиқат куйчиси сифатида ўзбек халқининг шаъни ва обрў-эътиборини катта минбарлардан туриб мардона ҳимоя қилганини эл-юрт ҳамиша миннатдорлик билан эслайди. Бетакрор ижодкорнинг давлатимиз томонидан «Дўстлик» ва «Буюк хизматлари учун» орденлари билан тақдирлангани ҳам шундан далолат беради.

Чингиз Айтматовнинг Ўзбекистон заминида сафдош ва дўстлари талайгина эди, улар орасида халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов, Ўзбекистон халқ ёзувчилари Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Рамз Бобожон,  шоир Турсунбой Адашбоев ва бошқалар бор эди.   

Чингиз Айтматов миллий анъаналарни ривожлантиришга ва ўзгартиришга харакат қилган ёзувчилардан бири ҳисобланади. У ўз халқининг ҳаётини қанчалик чуқур акс эттирган  бўлса, ўз иши билан ҳам инсониятнинг умумий бадиий тараққиётига ўз ҳиссасини қўша олган.

Ўзбек халқи Чингиз Айтматовни нафақат буюк ёзувчи, балки буюк шахс, ўзбек-қирғиз адабий алоқаларини, халқларимиз ўртасидаги биродарлик алоқаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган халқ дипломати сифатида ҳам билади.

Ч. Айтматов ўзбек ва қозоқ тилларининг аҳамиятини таъкидлаб, шундай деб ёзган эди: “Ушбу тиллардан иложи борича мукаммал фойдаланишимиз керак. Ўзбек ва қозоқ адабиётини теран ва чуқур ўрганишимиз даркор”.

Маълумки, Ч.Айтматов Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш, унинг порлоқ келажаги, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш ва бутун инсониятни қутқариш йўлида кўп қиррали фаолият юритган.

Чингиз Айтматов асарларида кўтарилган муаммолар ўша даврнинг адабий мароми билан уйғун ва ҳамоҳанг эдики, адиб олам ва одам муаммоси ҳақида ўз оғриқларини, изтиробларини, ўй-кечинмаларини, катта ҳарфларда ёзиладиган, янги даврда тобора камайиб бораётган Инсон ва инсоний фазилатлар ҳақидаги орзу-армонларини асарлари орқали баён этиб берди. 

Чингиз Айтматов асарларини ўқиган ҳар бир ўқувчи ҳаёт, инсон, олам, тириклик ҳақида олам-олам сабоқ, хулоса ва фикрлар олади. Бу сабоқлар уни маънавий комиллик сари ундашига, бу йўлда ўқувчига мадад беришига, маёқ ва сабоқ вазифасини ўташига шубҳа йўқ. Негаки, китоб мутолааси инсон учун ҳамиша маънавий сабоқ ҳамда маънавий маёқ вазифасини ўтайди, уни ўтмишдан сабоқ олиб, келажак учун яшашга ўргатади.

Чингиз Айтматов 1980 йилдан то 1990 йилгача «Иностранная литература» (Москва) журнали муҳаррири, 1990 йилдан собиқ СССРнинг, сўнг Россия Федерациясининг, 1991 йилдан эса мустақил Қирғизистон Республикасининг Белгия, Нидерландия ва Люксембург давлатларидаги мухтор элчиси лавозимида фаолият олиб борди. 

Айтматов ташкил этган «Иссиқкўл форуми» халқаро тинчлик ҳаракати, муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этишда каттадан-катта мувфаққиятларга эришмоқда. Ёзувчи Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеяси президенти  эди. 

Бугунги кунгача Чингиз Айтматовнинг асарлари жаҳоннинг 176 дан ортиқ тилларига таржима қилинган, 128 мамлакатда нашр этилган.

Буюк ёзувчининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида унга ҳурмат ва эҳтиром сифатида Тошкентнинг марказий кўчаларидан бирига Чингиз Айтматов номи берилди, Тошкент вилояти Паркент туманидаги 33-мактабда эса адиб бюсти ўрнатилди.

http://uza.uz/upload/medialibrary/96e/photo5222319012757744039.jpg

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистонда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази қардош қирғиз халқини суюкли фарзандининг таваллуд куни билан муборакбод этади.

Фахриддин Отбосаров,

Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик
ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази
бўлим бошлиғи.

ЎзА