ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Сурхондарё вилояти Узун ва Сариосиё туманларида жойлашган ҳарбий қисмларда 2021 йилда Токио шаҳрида бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларида зафар қучиб, олтин медални қўлга киритган, “Ўзбекистон ифтихори” унвони соҳибаси Гулжаной Наимова билан давра суҳбати ташкил этилди.
Сурхондарё вилоятининг Узун туманида туғилган пара-таэквондочимиз Гулжаной Наимова XVI Паралимпия ўйинларининг якунланиш арафасида (+58 кг. вазн тоифасида) бразилиялик Менезес Безеррани 8:4 ҳисобида мағлубиятга учратиб, мамлакатимизга олтин медални келтирган эди.


Мамлакат миқёсидаги мусобақаларда тобланган Гулжаной 2017 йил терма жамоа таркибида Жанубий Кореяда ўтказилган халқаро мусобақада кумуш, Португалияда кечган чемпионатда бронза, 2018 йил Лондондаги жаҳон чемпионатида бронза, Вьетнамдаги Осиё чемпионатида олтин, 2019 йил Туркиянинг Анталия шаҳри мезбонлик қилган жаҳон чемпионатида кумуш, Иорданиядаги Осиё чемпионатида эса бронза ҳамда Италияда ўтказилган Европа очиқ чемпионати кумуш медалларини қўлга киритган тажрибали спортчи.
– Ўйинлар давомида мураббийларимнинг вақтида тўғри кўрсатмалар бериши, ғалабага бўлган интилишим, юртимиз шаъни ва халқимизнинг ишончини оқлашдек улкан туйғулар мени чемпионлик сари етаклади, – дейди Гулжаной Наимова. – Келгусидаги вазифам эса – чемпионликни ҳимоя қилиш ва изимдан келаётган ука-сингилларимни ғалабаларга тайёрлашдан иборат.


Ҳаётий қийинчиликларга таслим бўлмасдан, иродали бўлиб, юксак инсоний фазилатлар билан яшаш, момолардан мерос ор-номус, ҳаё-ибо фазилатларини ўзида мужассам қила олиш ёшларимизни Ватаннинг ифтихорига, чексиз фахрига айлантиради.
– Паралимпия чемпиони Гулжаной Наимова билан ташкил этилган ушбу учрашув таассуротларга бой, қизиқарли ва мазмунли кечди, тўғрисини айтсам, учрашув менга алоҳида мотивация берди, - дейди катта лейтенант Д.Жўраев. – Ўйлайманки, ёшларимиз ҳам бўш вақтларини мазмунли ўтказиб, спорт билан шуғуллансалар келажакда юртимиз байроғини кўкларга кўтариб, улкан ютуқларга эришади.
Учрашув давомида ҳарбий хизматчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди. Гулжаной Наимованинг имзоли чарм қўлқопи ҳарбий қисмга эсдалик сифатида топширилди. Тадбир якунида ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан спорт устасига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.


Ф.Бобожонова, майор.
ЎзА