Жамиятнинг ажралмас бўғини саналган оилада фарзандлар таълим-тарбияси, ёш авлодни билимли ва заковатли этиб камолга етказишда хотин-қизларнинг ўрни беқиёс.
Шунинг баробарида нозик хилқат соҳибларини ҳар томонлама рағбатлантириш, уларни долзарб муаммоларини ҳал этиш, бизнесга жалб этиш давлатимиз сиёсатида устувор аҳамиятга эга.

Бу борада Президентимизнинг 2024 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуруламал бўлмоқда.
Мазкур ҳужжат ижросидан келиб чиққан ҳолда, Наманганда аёл-қизларни ишбилармонликка йўналтириш, ҳунармандчилик, касаначилик, томорқа хўжалиги каби уй меҳнатини ривожлантириш орқали даромад топишга кўмаклашиш борасида салмоқли ишлар давом этмоқда. Вилоятда бугунги кунда 3 миллион 177 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, уларнинг 49,2 фоизи, яъни 1 миллион 600 мингга яқини хотин-қизларни ташкил этади.

Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Динара Ёқубованинг қайд этишича, ўтган 2025 йил давомида 114 мингдан ортиқ аёлларнинг бандлиги таъминланган. Бу кўрсаткични охирги уч йилга нисбатан солиштирганда 2,8 баробар ўсишга эришилганлиги диққатга молик.

Эътиборлиси шундаки, Марказий банк Наманган вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда олиб борилган амалий саъй-ҳаракатлар натижасида ўтган йилнинг ўзида молиявий мадад хизматлари ҳажми 100 баробарга ортишига эришилиб, 40 минг 650 хотин-қизга 1,4 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.
Қолаверса, хотин-қизларни моддий қўллаб-қувватлаш, турмуш даражасини ошириш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилишда “Аёллар” дафтари муҳим ўрин тутмоқда. 2022-2025 йилларда вилоятдаги 754 та маҳаллада амалга оширилган олти босқичли хатлов давомида 373 мингдан ортиқ хотин-қизлар мазкур рўйхатга киритилиб, 176 552 нафари ишга жойлаштирилди. Жамғарма ҳисобидан 316 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар моддий, ижтимоий, иқтисодий ёрдамлар учун йўналтирилди.

Бундан ташқари хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлашда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидаги 50 га яқин маҳаллаларда ташкил этилган “Оила ва хотин-қизлар масканлари”нинг роли ижобий самара бермоқда. Саккиз нафардан малакали мутахассис иш олиб бораётган ҳар бир марказда 28 минг 400 дан ортиқ оила вакиллари, ёш оналар, уй бекалари ўқув машғулотларига жалб этилиб, улар тикувчилик, гулчилик, иссиқхона ва томорқа хўжалиги, компьютер саводхонлиги, асаларичилик, пазандачилик, чорвачилик, қандолатчилик, каштачилик каби йўналишлар бўйича ўқитилди.

Қолаверса, “Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари”га жалб қилинган 11 минг 687 нафар тингловчи лидер ҳунармандларга бириктирилди. Бунинг натижасида эса, 523 нафар аёл тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтказилди ва 127 хонадонда кичик ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилди.
Наманган туманининг Наврўз маҳалласида истиқомат қилувчи Саҳобат Нуриддинова гулчилик йўналишида 25 нафар доимий, уй шароитида касаначилик орқали эса 240 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлади. Бунда Қўшчинор, Қўқон қишлоқ ва Намуна маҳаллаларидаги оилалар қамраб олинди. Анжирзор маҳалласида яшовчи Сожида Ортиқова томонидан жун рўмол тўқиш бўйича касаначилик асосида Боғ кўча, Бозор боши, Бўстон ва Оқ булоқ маҳаллаларида мингдан ортиқ аёллар уй шароитида иш юритмоқда.

Тадбиркор Лазокат Эрматова раҳбарлигидаги “Гулибону” тикувчилик цехида ҳозирда 20га яқин доимий иш ўрни яратилган, қолаверса, тумандаги Катта тошбулоқ, Навқирон ва Чорбоғ маҳаллаларида турувчи 325 нафар ишсиз аёл касаначилик асосида бандлиги таъминланди.
Уйчи тумани Ўнхаят маҳалласидаги тадбиркор Саидахон Файзиева ўз хонадонида чинни буюмларни қайта ишлашни йўлга қўйиб, Истиқлол, Қувурбоши ва Ўнхаят маҳаллаларидан 100 нафар аёлларни касаначилик асосида ишли бўлишларига кўмаклашди. Туманинг Жийдакапа маҳалласидаги тадбиркор Ойдина Абдуллаева эса ишчи қўлқоп тикиш йўналишида 180 нафар аёлнинг доимий даромад манбаи бўлишига ҳисса қўшмоқда. Дўппи тикишда катта маҳоратга эга бўлган косонсойлик Малика Раҳимова Ҳуррият, Дўстлик, Навоий ва Жомий маҳалларида яшовчи 220 нафар, чустлик тадбиркор Нурхон Бобоева эса Бибиона, Деҳқонобод, Хўжаобод, Дўзанда ва Навбаҳор маҳаллаларидаги 200 нафар хотин-қизга қадимий ҳунарга ошно этмоқда.
Чортоқлик тадбиркор Ҳадиса Жумабоева ўз хонадонида касаначилик асосида мевани қайта ишлашни йўлга қўйди. Бу ерда меҳнат қилаётган Соз-сой ва Тўпқайрағоч маҳалларидаги 150 дан зиёд аёлларнинг оиласига барака кирмоқда. Норин тумани Янги Наманган маҳалласида яшовчи Гулсанам Ҳайдарова эса ўз яшаш хонадонида тадбиркорлик марказини ташкил қилиб, 25 нафар ишсиз фуқарони иш билан таъминланди.

– Аёллар бугун нафақат уй бекаси, балки ҳам ишбилармон, ҳам ҳунарманд, ҳам фермер, ҳам омилкор деҳқон сифатида иш ўрни яратиш, бизнесни йўлга қўйиш билан нафақат ўз оиласи, балки жамиятга бирдек наф келтирмоқда, – дейди Уйчи тумани ҳокимининг ўринбосари – туман оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Саида Аҳмадалиева. – Бу борада туман марказида самарали фаолият юритаётган “Оила ва хотин-қизлар маскани” муҳим ўрин тутмоқда. Марказда хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, ҳунармандчилик ва касаначилик фаолиятини йўлга қўйиш, аёллар учун фитнес, психологик маслаҳат хизмати ҳамда тиббиёт хонаси ишлаб турибди. Янги оила қураётган ёшлар учун ўқув машғулотлари ўтказилиб, оилавий муносабатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар, соғлом оила қуриш масалалари бўйича билимлар берилмоқда. Жорий йилда оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан опа-сингилларимизнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор истиқболли режалар, муҳим вазифалар белгилаб олинган.
Вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси, инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси, Марказий банк вилоят бош бошқармаси ва тижорат банклари, Наманган вилояти фермерлари кенгаши, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси, олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси ҳамда вилоят савдо-саноат палатаси билан биргаликда аниқ чора-тадбирлар бажарилади.
Бундан ташқари вилоятда хотин-қизлар бандлиги ва фаровонлигини ошириш мақсадида “Даромадли аёл” лойиҳаси амалга оширилади. Бунда асаларичилик, ҳунармандчилик, томорқа хўжалиги, паррандачилик ва касаначилик йўналишларида 336 бизнес лойиҳа татбиқ этилиб, унинг ижроси учун тадбиркорларга 3 миллиард 315 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА