Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замира опанинг бизнес қоидаси
13:15 / 2020-03-04

“Ғиждувон машҳураси” ўқув маркази директори Замира Сафарова 23 йилдан буён тадбиркорлик қилади.

8 март –Халқаро хотин-қизлар куни

“Ғиждувон машҳураси” ўқув маркази директори Замира Сафарова 23 йилдан буён тадбиркорлик қилади.

Дастлаб фаолиятини тикувчилик ва пазандалик билан бошлаган тадбиркор аёл босқичма-босқич ишини такомиллаштирди. Ғиждувон шаҳрида жойлашган бинонинг битта хонасини ижарага олган ҳолда дарс машғулотларини ўтиб, ҳунар сирларини ўргата бошлайди. Ҳунар ўрганиш истагидаги хотин-қизлар сони кун сайин ортиб боради. Натижада ўқув марказида янги йўналишлар ташкил этилади. Бора-бора кичкинагина ўқув маркази кўпгина қизларнинг орзуси “Ғиждувон машҳураси”га айланди ва ўндан ортиқ ҳунар турлари ўргатила бошланди.

– 2004 йилда шаҳар марказидан жой олиб, 2 қаватли бино қуришга эришдик, – дейди опа биз билан суҳбатда. Ўтган 23 йиллик фаолиятимиз давомида ўқув марказимизда 40 мингдан ортиқ хотин-қиз ҳунарли бўлди. Алоҳида эътироф эта оламанки, улар орасида ўз бизнесини очган ёшлар ҳам талайгина. Икки киши билан иш бошлаган ўқув марказимизда айни чоғда 35 киши иш билан банд.

Марказ соҳибаси Замира опа янгиликка интилувчан, ҳамиша мижозларнинг талаб ва таклифларини ўрганиб, улар асосида иш кўрадиган яхши тадбиркор. Замон талабидан келиб чиқиб хизмат турларини кенгайтириш, қайси йўналишда талаб кучайса худди шу йўналишни ташкил этиш унинг асосий бизнес қоидаси. Масалан, 2007 йил автомактабларга талаб кучайган бир паллада Ғиждувон машҳураси бу вазиятни қўлдан бой бермади ва ўқув маркази тасарруфида автомактаб иш бошлади. Ушбу мактабда ҳозирги кунга қадар ҳайдовчилар тайёрланиб келинмоқда.

Худди шунингдек, аҳолининг ҳамёнбоп ва қулай трикотаж маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи орта бошлаганда корхона ҳузурида 2011 йил трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган тикув цехи очилди ва 30 та иш ўрни яратилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йилда Ғиждувон эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш бўйича қабул қилинган ҳужжатидан сўнг мазкур ҳудудда ўз лойиҳасини олиб киришга бел боғлади.

Ғиждувон машҳураси хусусий корхонаси энди нафақат касб-ҳунар билан шуғулланади, балки кўп тармоқли тадбиркорликни ривожлантиришга интилган ҳолда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш бўйича 2 босқичли лойиҳасини тегишли ташкилотларга тақдим этди ва эркин иқтисодий зона инвесторига айланди.

– Лойиҳамизнинг биринчи босқичида асосий эътибор қурилишда ишлатиладиган, деворбоп пардозлаш материали ҳисобланган ПВХ МРАМОРларини ишлаб чиқаришга қаратилди, – дейди Замира опа Сафарова. – Лойиҳанинг умумий қиймати 3,5 миллиард сўм. 1 миллиард 168 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди. Қолгани ўз маблағимиз. Хитойдан олиб келинган ускуна ўрнатилди. Лойиҳанинг биринчи босқичи тўла ишга туширилди. Натижада 19 та янги иш ўрни яратилди. Лойиҳанинг иккинчи босқичида паркет поллар ишлаб чиқарилади. Умумий қиймати 4 миллион 600 минг АҚШ доллари бўлган мазкур лойиҳани амалга ошириш мақсадида Германиядан махсус ускуналар олиб келинади. 35 киши иш билан таъминланади.

Айни пайтда опа яна бир хайрли ишга қўл урган. Бу ҳам бўлса тумандаги “Ўзбакон“ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида давлат шерикчилиги асосида мактабгача таълим ташкилоти қурмоқда.

Замира Сафарованинг меҳнатлари давлатимиз томонидан ҳам муносиб тақдирланди. 2018 йилда “Дўстлик” орденига сазовор бўлди.

Тиниб тинчимас Замира опа оилада севимли уй бекаси, меҳрибон буви. Бир сўз билан айтганда, бугун Замира Сафарова бошчилик қилаётган “Ғиждувон машҳураси“ том маънодаги кўптармоқли ишлаб чиқариш корхонасига айланган десак, муболаға бўлмайди.