French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Заковат ва масъулиятли меҳнат билан
15:23 / 2025-12-27

Муносабат

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини Наманган давлат техника университети кўп сонли жамоаси ҳам бевосита кузатиб борди. Унда таъкидланганидек, бошланган демократик ислоҳотлар қатъий давом эттирилгани, халқимизнинг қўллаб-қувватлаши ва ёшларимизнинг ғайрат-шижоати ҳисобига 2025 йилда барча соҳаларда улкан ютуқларга эришилди. 

Бундан тўққиз йил олдин иқтисодиётимиз ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш биз учун жуда катта марра бўлиб кўринарди. Бу йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошди. Юқори қўшилган қиймат яратадиган соҳаларни ривожлантириш, биоинженериядан кенг фойдаланиш, илғор агротехника ва сув тежайдиган усулларни фаол қўллаш, “яшил” энергетика, чиқиндисиз ишлаб чиқаришга ўтиш, таълим ва тиббиётда илғор хорижий тажрибаларни кенг жорий этиш, кадрларни илм-фан ва инновацияларга асосланган замонавий касбларга тайёрлаш орқали  келгуси беш йилда иқтисодиётимиз ҳажмини 240 миллиард доллардан оширишга барча имкониятлар борлиги таъкидланди. Мана шундай улкан мақсадларга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёс. 

Шуларни ҳисобга олиб, Президентимиз 2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб номлаш бўйича таклифи олқишланди. Мурожаатномада 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим устувор йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратишга бағишланган тўртинчи устувор йўналишда келгуси йили мамлакатимиздаги 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораторияси фаолияти йўлга қўйилиши белгилаб берилди. 

Бу тиббиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги, геология, банк-молия, жамоат хавфсизлиги каби муҳим соҳаларда 100 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади. Фахр билан айтиш мумкинки, ушбу олийгоҳлар қаторида Наманган давлат техника университети ҳам бор. 

Олийгоҳда бугунги кунда Асакабанк ва Хитойнинг “Huawei” компанияси билан ҳамкорликда сунъий интеллект лабораториясини ташкил этиш бўйича саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди. Қайд этилганидек, Жиззах политехника институтини Венгриянинг нуфузли “Абуда” университети бошқарувига беришга қарор қилинди. Ўзбекистонда “Сукуба” миллий университети билан ҳамкорликда аниқ фанлар бўйича янги олийгоҳ ташкил қилиш ҳақида келишиб олинди. Бу тажриба келгусида давом эттирилиб, аниқ фанлар ва техника йўналишидаги олийгоҳларга дунёнинг энг нуфузли университетлари жалб қилинади. 

Мурожаатномада касбий таълим, хусусан, техникумларга алоҳида эътибор қаратилди. 2026 йилдан бошлаб ҳар йили камида 100 тадан техникум тўлиқ таъмирланиб, технологик ва талаб юқори бўлган касбларга мос ҳолда жиҳозлаб борилиши, Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой, Корея каби давлатларнинг илғор таълим дастурлари жорий қилинган техникумлар сони 100 тага етказилиши маълум қилинди. 

Наманган давлат техника университетида вилоятдаги 32 та техникум билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Келгусида ушбу алоқаларни бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда янада мустаҳкамлаш устида изчил иш олиб борамиз. Мамлакатимиз етакчиси таъкидлаганидек, меҳнат бозорига йилига 300 минг олий маълумотли кадрлар кириб келмоқда. Энди олийгоҳ битирувчилари ва иш берувчилар ўртасида “кўприк” бўлиб хизмат қиладиган рақамли экотизим яратилади. Ушбу экотизим битирувчи курс талабалари учун ўзига мос иш топиш, корхоналарга эса малакали кадрларни жалб қилиш имконини беради. 

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, биз ўзгаришларни кутиб яшамаймиз, аксинча, уларни ўзимиз, ўз ақл-заковатимиз ва масъулиятли меҳнатимиз билан яратамиз. Бугун тарихнинг ўзи, ҳаётнинг ўзи зиммамизга шундай масъулиятни юкламоқда. Жамоамиз бу борада ўз олдига катта марра ва мақсадларни қўйган. Уларни сидқидилдан амалга ошириш учун бор куч-ғайратимиз, салоҳият ва шижоатимизни сарфлашга тайёрмиз. 

Ойбек Эргашев,

Наманган давлат техника университети ректори, профессор.

ЎзА.