"Заковат": “Мустақиллик кубоги” ғолиблари тақдирланди
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 январдаги "Заковат" интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида республикамиз бўйлаб “Заковат” интеллектуал ўйини аҳоли ўртасида кенг оммалашмоқда.

Шунга кўра, пойтахтимиздаги "Заковат" аренасида вазирлик ва идоралар ходимлари ўртасида ушбу интеллектуал ўйин бўйича "Мустақиллик кубоги" бўлиб ўтди.

Иқтидорли ёшларнинг мантиқий билимларини ошириш, уларни саралаш ва интеллектуал ўйинларга кенг жалб қилиш, уларнинг ютуқларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган мусобақада давлат идораларида фаолият юритаётган ёшларнинг билим даражаси ва жамоавий ҳамкорлик кўникмалари синовдан ўтказилди.

Мусобақа якунида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси жамоаси “Мустақиллик кубоги” ғолиби деб топилди.
Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА