Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Заковат-Гамбит” шахмат турнирининг ғолиб ва совриндорлари тақдирланди
15:22 / 2025-10-24

Пойтахтимизда тўртинчи маротаба ўтказилган “Заковат-Гамбит” шахмат турнирининг бу йилги мусобақалари ҳар қачонгидан-да муросасиз, қизиқарли, ўзига хос мастер-класлар билан кечганлиги унинг қамровида ҳам ўз аксини топди.

Бешта гуруҳда ташкил этилган ўйинларнинг дастлабки саралаш мусобақаларида 2 минг нафарга яқин 7 ёшдан 70 ёшгача бўлганлар қатнашганлиги, сўнгги финал босқичига уларнинг 100 нафарга яқини етиб келганлиги шахматнинг жозибаси не чоғли оҳанграболи эканлигидан далолат, дейиш мумкин.

Турнирнинг финал мусобақалари жараёнида болгариялик жаҳон чемпиони Антоанетта Стефанова ҳамда германиялик Европа чемпиони Маттиас Блюбаум ўзбекистонлик шахматчилар учун мастер-класс ўтаганлиги, ҳамюртларимиз билан “ақл жанги”нинг турфа мавзуларида суҳбатлашганлиги эътиборли ҳолат бўлди.

Икки кунлик финал ўйинлари сарҳисобига кўра, тўртинчи бор ташкил этилган “Заковат-Гамбит” шахмат турнирининг “А” гуруҳида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Муҳаммадзоҳид Суяров, Ҳумоюн Бекмуратов ва Саидакбар Саидалиев совринли ўринларни эгаллади.

“Б” гуруҳида Асроржон Омонов, Муҳаммадали Абдураҳмонов, Билолиддин Обидов, “C” гуруҳида Сардорбек Саидов, Миразиз Матёқубов, Саидусмон Шамсиддин, “Д” гуруҳида Исломбек Ҳусанов, Муҳаммадризо Умаров, Саидхон Ашикмамутов, "Е" гуруҳида Акжол Раҳматуллаев, Абдуллоҳ Алимов, Фирдавс Рамазонов шоҳсупага кўтарилиш бахтига муяссар бўлишди.

Мусобақа финалининг энг кичик иштирокчиси сифатида 12 ёшли Абдураҳмон Ражабов, энг кекса иштирокчи, деб эса халқаро гроссмейстер 63 ёшли Тоир Воҳидов эътироф этилиб, муносиб тақдирланди.

Шунингдек,ёшлар ўртасида икки карра жаҳон чемпиони Афруза Ҳамдамова, маҳоратли шахматчи қизларимиз Умида Омонова, Нилуфар Имомқўзиева, Зилола Актамова, Моҳижаҳон Раҳмонова ўз гуруҳларида энг яхши иштирокчи номига лойиқ кўрилди.

Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида иштирок этган Ўзбекистон шахмат федерацияси, Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа ташкилотларнинг мутасаддилар ҳар бир гуруҳ ғолибига 50 миллион, кумуш медални қўлга киритган шахматчига 30 миллион ва бронза медали соҳибига 20 миллион сўм миқдоридаги мукофот сертификатларини тақдим этишди.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА