English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зах босган болалик
08:15 / 2019-11-29

Вилоятимиз аҳолисини маърифатли қилиш йўлида... Йўқ, келинг, ҳеч бўлмаса шу сафар ўзимизни бир оз бўш қўяйлик. Гапни Тошкент вилоятининг мўъжазгина туманидаги мўъжазгина қишлоғида жойлашган мўъжаз кутубхонадан бошлаймиз.


Вилоятимиз аҳолисини маърифатли қилиш йўлида... Йўқ, келинг, ҳеч бўлмаса шу сафар ўзимизни бир оз бўш қўяйлик. Гапни Тошкент вилоятининг мўъжазгина туманидаги мўъжазгина қишлоғида жойлашган мўъжаз кутубхонадан бошлаймиз.

Чиноз туманининг Эски Тошкент қишлоғидаги 27-сонли ўрта мактабни тугатганман. Айнан ўша мактаб ортида йўлакларидан зах ва эски китобларнинг аллатовур қадрдон ҳиди анқиб турувчи, кўчиб бораётган мовий деворларига буюкларимизнинг чакка томган расмлари илиниқ, жавонларига бундан олтмиш йиллар аввал нашр қилинган, бугун эса унут китоблар терилган беш-олти хоналик кутубхона жойлашганди. Жойлашганди эмас, жон сақларди. Ҳар куни дарсдан сўнг у ердан портфелимни тўлдираманда, автобусда уйга қайтаётиб, ичим қизиб бир бекат олдин тушганча олган китобларимни йўл бўйи томоша қиламан, ҳафсалам етса ўқиб бораман. Бу ҳайрат уйга қадар давом этарди. Уйда, хусусан, хонамда эса мени бошқа ҳайрат кутиб турардики, эсласам, ўша пайтлар сўздан тўқилган сўзаналар илинган идроким деворларига қадар ҳаяжондан титраб кетади...

Кутубхонада изғишни яхши кўрардим. Кезиш, ё айланиш эмас, айнан изғишни. Негаки, эрта баҳор қўлимизга олиб олганимиз иссиқ кийимларни қайта кийиб кирардик бу зах хоналарга. Совуқдан изиллаб кезинишни менимча, изғиш дейдилар. Бизни у ерда жун рўмоли бошидан тушмайдиган Мунаввар опа кўкимтир, қалин лас чопонга ўранганча кулиб қарши оларди. Бу муштипар аёлнинг айтишича, мазкур бинода аввал беш-олтиталаб ходимлар ишлаган, кейинчалик қисқартиришлар бўл­гач ёлғиз ўзи қолган экан.

Кутубхона бир пайтлар, узоқ ўтмишда туманнинг маданият бўлимига “қараган“ ва бир оз ўтиб тумандаги Олмазор қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг Ахборот-ресурс марказига айлантирилган. Ҳалигача тушунмайман, коллеж Чинознинг Олмазор жабҳасида, Эски Тошкентдан тўрт километр узоқда жойлашган.

У ёқдаги ўқувчилар кутубхонанинг борлигини билишганмикан ўзи? Уйидан йўлкирага зўрға пул ундириб чиқадиган ўқувчиларнинг бу ерга келишга, китоб ўқиб, билим орттиришга шароити тўғри келганмикан?Бундан ташқари, Ахборот маркази деганда кўз олдимизга ҳеч бўлмаса Pentium русумидаги эски компьютерлар “тўрам кўрса бўлди“ қабилида кўйиб қўйилиши керак. Бизнинг зах кутубхона учун эса янги нашрлару газета-журналга обуна бўлиш ҳам жуда катта, бўрттирмаяпман, жуда катта орзу эди.

Маърифат дарёсининг шундоқ ёнгинасидан шошилиб ўтардик. Чунки, бизнинг спортчилар дунёга маш­ҳур бўлиш йўлида жангларга киришар, уларнинг жонли эфирларини ўтказиб юбориш хоинликдек тую­лардида. Ўйламасдикки, Ватан номини фақат спорт билан эмас, балки билимли кадрлар эришган муваффақиятлар билан ҳам оламга достон қилиб юбориш мумкин. Биз билмасдик. Бизнинг хаёллар телевизорда, телефонда эди. Энг қизиғи, “бўш вақтимиз“да иссиққина мажлис залларига зич ёпирилганча мутолаанинг фойдалари ва интернетнинг зиёнлари ҳақида жонкуярлик билан ўқилаётган нутқларни ташналик билан тинглардик. Кутубхонада эса Мунаввар опа жун пайпоқ ҳам иситолмаган оёқларини иш столи остидаги электр печка тафтида тоблаб, бизни кутиб ўтирарди.

Тан оламан, ҳамма вақт ашаддий китоб ўғриси бўлганман, бироқ бу кутубхонадан китоб ўғрилашга кўзим қиймасди. Ўзи аҳволни кўриб турибсан, яна оламан дейсана, деб шивирлаб қўярди виждоним. “Ўғри“нинг виждонини уйғотар даражада эканми, демак кутубхона ҳолатини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг.Йўқ, буни фожиа демаяпман. Бу, ишонасизми, ҳатто минбарда туриб айтишга арзийдиган гап ҳам эмас. Бу кичик бир қишлоқдаги улкан кўнгилли болакай ҳақида уч сўзлик ҳикоя: “Мен ўқимоқчи эдим...“

Келинг, расмиятчиликни, маърифатли бўлиш йўлидаги фидокорона меҳнатларимизни, мутолаани тар­ғиб қилиш тўғрисидаги қарорларни бир четга икки-уч дақиқа суриб турайлик. Китоб, кутубхона, мутолаа нима ўзи? Миллат доирасида эмас, майли, бир қишлоқ доирасида ўйлаб кўрайлик. Ўйларканмиз,бармоқларни, Абдулла Қаҳҳорнинг эллик еттинчи йилда чиққан қиссаси саҳифалари узра пайпасланаётган, совуқдан кўкариб кетган ўсмир бармоқларини кўз олдимизга келтирайлик. Ва бу бармоқлар фарзандимизники бўлсин. Сесканмадингизми? Бир тукингиз қилт этмаган бўлса, демак... сизни айблаб бўлмайди. Сиз аввалдан шундай бўлгансиз ва сизга ниманидир тушунтиришга уринишнинг ўзи хато.

Синфдошим бор. Отасиз ўсгани учунми, тарбияси оғирроқ, безориликка мойилроқ эди, аммо мени ўзига яқин оларди. Бир гал кутубхонага уни ҳам олиб кирдим. Жавонларга бир оз беписандлик билан қараб турдида, кутилмаганда бир китобни қўлига олиб, ўқий бошлади. Портфелимни тўлдириб, олган китобларимнинг номини Мунаввар опага қайд қилдириш учун келганимда у ҳам ёнимга яқинлашди. Қўлида эскириб кетган, муқовасида икки аскарнинг расми туширилган ва бу расм остида “Ўзбек ўқчилари“ деб ёзиб қўйилган китобни олиб келди. Муаллифи эсимда йўқ. “Шуни оламан“, деди у. Индамадим. Олди. У китобни кутубхонага қайтаргани йўқ. Мактаб ҳам битди, коллежга ҳам ўтдик, коллежни ҳам битирдик. У китобни қайтармасди. Портфелига солиб, дарс бўлмаган соатлар орқа партага ўтиб ўқирди. Дўстим коллежни тугатгач, Россияга ишлаш учун кетаётганда ҳам китобни юклари орасига солиб, ўзи билан олиб кетди. Мен жим эдим. Мунаввар опа ҳам уни тушуниб ортиқча тихирлик қилмади. Унинг ўрнига уйдан бошқа учта китоб олиб келиб қўйдим.

Тўғри, бу китобни ўқиб дўстимиз орзу қиладиган одобли, сер­ғайрат, фаол йигитча бўлиб қолмади. Лекин, у коллежнинг орқа тарафига ўтиб қилинадиган ишларга кеткизадиган вақтини китобга бағишларди. Ахир, гуноҳ қилмасликнинг ўзи ҳам қайсидир маънода савоб эмасми?

Кутубхона ҳақида гапирмоқчи эдим... Уни асраб қолайлик, дея айюҳаннос солгим йўқ. Шахсан мен Тошкент шаҳрида яшайман. Интернет хизматимда, истаган китобимни топиб, уни қоғоз шаклига келтириб ўқишим мумкин. Аммо, нимадир ҳеч тинчлик бермайди. Баъзан ўйлаб қоламан, бизнинг кутубхона ҳозир бормикан? Коллежлар фаолияти тугатилгач унинг иши ҳам оғирлашгани аниқ. Бориш учун эса... Қисқаси, мен туғилиб ўсган уй ҳам Эски Тошкентдан Олмазор қадар йўл...

Биз маънавият деймиз. Биз маърифат деймиз. Тарғиб қиламиз. Тарғиб қиламизки, авлодлар билимдон бўлиб ўссинлар! Кутубхоналар эса кейинроқ, қандайдир мўъжиза юз берадию, ўз-ўзидан обод бўлиб қолади. Биз тарғиботни тўхтатмасак бўлди.

Кутубхонага кўплаб таърифлар берилган. Ҳатто, Лотин Америкасининг буюк ёзувчиси, кўплаб жаҳон адибларининг улуғ устози саналувчи Хорхе Луис Борхес ўз суҳбатларидан бирида: “Мен жаннатни кутубхонага ўхшаш жой деб ўйлайман“, деган эди. Ваҳоланки, Борхеснинг ўзи уй-кутубхонада дунёга келган ва шу уйда туриб дунёни идрок қилган, ўз оламини яратиб очунга довруқ таратган.

Энди ўйлайлик, Чинознинг қаеридадир бир болакай бор. У зиё истайди. Унинг ўз йўли, миллатимиз олдидаги бурчлари бор. Биз унинг йўлини чақир тиканаклардан тозалолмасак, унга ҳеч йўқ бир имкон, кичиккина шароит яратиб беролмасак, ифтихор билан баён қилаётган ютуқларимиз, биринчи бўлиб тўл­дирган пахта режаларимиз, маърифат хусусидаги қарорлар ўқиб эшиттирилганда чалган қизғин қарсакларимиз бекор. Бутун миллат эмас, ҳеч йўқ ўша Болакайга – эртанги кун хабарчисига кўзларини очиши учун имкон бериш бизнинг қўлимизда. Эҳтимол, шунда номимиз шунчаки ўтиб кетган одамлар эмас, балки улуғ ўтмиш солномаларидан жой олар?

Бор гап шу.

Энди бемалол муваффақиятларингиз ҳақида тўлиб-тошиб гапириб беришингиз мумкин. Қулоғим сизда.

Мирзоҳид МУЗАФФАР


Манба: “Тошкент ҳақиқати” газетаси