Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Заҳро Ҳасанова:“Болалар учун сифатли миллий контент тайёрлаш – бош мақсадимиз”
10:05 / 2025-08-26

Бугунги кунда мамлакатимизда болаларни турли ахборот хуружларидан ишончли ҳимоялаш долзарб аҳамият касб этмоқда. “Олтин қалам” XIX Миллий мукофоти учун халқаро танловида Бош мукофотга сазовор бўлган “Гулхан” журнали таҳририятининг бош муҳаррири, таниқли журналист, болалар адабиётининг заҳматкаш ижодкори Заҳро Ҳасанова билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

– Заҳро опа, бугун болалар маънавиятини тўғри шакллантиришнинг муҳим омили сифатида миллий контент ривожи долзарб экани тобора аён бўлиб бормоқда. Сизнингча, миллий контентни ривожлантиришда нималарга эътибор қаратиш муҳим?

–Ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясида миллатимизга хос бўлган юксак маънавий қадриятлар, тарихимиз, бой маданиятимизга асосланган замонавий контент муҳим ўрин тутади. Фикримча, миллий контентни шакллантиришда, аввало, унга миллий қадриятларни сингдириш зарур. Ҳар қандай форматдаги замонавий контентда ўзбек халқ оғзаки ижоди, эртаклар, афсоналар, шунингдек, тарихий қаҳрамонларимиз ва буюк мутафаккир боболаримиз образи ифодаланиши лозим. Бундай контент болаларимизни тарихга ҳурмат, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялайди.

Шунингдек, миллий контент тайёрлашда замонавий формат ҳамда технологиялар имкониятидан тўлиқ фойдаланиш, янги аср фарзандларининг дунёқарашига мос замонавий медиамаҳсулотлар яратиш лозим. Бизнинг контент бу борада жаҳон медиа контентларидан қолишмаслиги керак.

Миллий контент яратишда эътиборга олиш зарур бўлган бошқа муҳим жиҳатлар сифатида контентнинг тўлиқ ўзбек адабий тилида бўлиши, ёшга мослаб тайёрлаш ва тақдим этиш масаласи, болаларда медиамаҳсулотда ёритилган мавзуга нисбатан қизиқиш уйғота оладиган бўлиши кабиларни санаб ўтиш мумкин.

Умуман олганда, жаҳон тажрибасидан ўрганиб, миллатимизга хос бўлган ўз контентимизни – маҳсулотимизни яратиб, болаларимизга тақдим этиш лозим.

– “Гулхан” журнали мамлакатимизда болаларга мўлжалланган етакчи нашрлардан бири саналади. Журнални нашрга тайёрлаш жараёнида бугунги замонавий технологиялар ривожланган давр боласи учун материаллар яратишда асосан нималарга эътибор қаратилмоқда?

–Албатта, журналнинг ҳар бир сони тайёрланар экан, уни ўн ёки йигирма йил олдинги бола эмас, бугунги рақамлашган давр боласи ўқишини ҳисобга оламиз. Шу маънода ҳар бир сонимизда замонавий бола, дунёқараши шаклланаётган ўсмир учун мос мавзулардаги материалларни чоп этишга ҳаракат қиламиз.

Журнал янада қизиқарли бўлиши учун саҳифалар дизайнини тайёрлашда замонавий расм, иллюстрациялардан фойдаланамиз. Турли ҳикоялар учун расмлар, комиксларни рассомларимиз чизган суратлар билан биргаликда, сунъий интеллект ёрдамида чизилган, асарнинг асосий мазмунини ўқувчига етказиб бера оладиган суратлардан ҳам фойдаланамиз.

Шу ўринда журнал мазмун-мундарижасига ҳам тўхталиб ўтиш ўринли, деб ўйлайман. Янги замон боласи янгича фикрлайди, уни ўзгача саволлар безовта қилади. Биз журналимизда ёш авлоднинг ана шундай саволларига жавоб бўладиган материалларни чоп этиб боряпмиз. Буни тўрт-беш йил аввалги журнал ва бугунги чоп этилаётган журнални солиштириб, билиб олиш қийин эмас. Хусусан, “Бу қизиқ”, “Ҳуқуқингизни биласизми?”, “Интернет ирмоғи”, “Ким бўлсам экан?”, “Билиб қўйган яхши” каби рукнларимизда илм-фан, техника ютуқлари, замонавий касблар, интернет, технологиялар, оламшумул ихтиролар билан боғлиқ мақолалар чоп этилади. Улар журнал саҳифаларининг мавзу жиҳатидан ранг-баранглиги, замонавий технологиялар таъсирида улғаяётган болаларимизнинг қизиқиш ва эҳтиёжига мос бўлишига хизмат қилади.

Журнал тили ва услуби болага ҳам, ўсмирга, катталарга ҳам тушунарли бўлишига ҳаракат қиламиз. Журналимизни кўздан кечирган бошқа ҳамкасбларимиз ҳам ундаги услубнинг содда, ҳаммабоп, шунингдек, мақолаларнинг осон ўқиладиган қисқа жумлалардан иборатлигини таъкидлашади. Бу ҳам таҳририятимизнинг яна бир ютуғи бўлса керак.

–Жорий йилда “Гулхан” журнали “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловда Бош мукофотга муносиб топилди. Бу юксак ишонч болалар нашрига қандай масъулиятли вазифаларни юклайди?

Тўғри айтдингиз, бу мукофот, нафақат эътироф ва ишонч, балки юксак масъулият ҳамдир. Мукофот “Гулхан” журнали таҳририятига бир қанча вазифа ва бурчларни юклайди. Биз, аввало, журналнинг ҳар бир сони юксак савия ва сифатда болаларимиз қўлига етиб бориши учун ҳаракат қилмоқдамиз.

Шунингдек, салкам бир асрлик журнал сифатида болаларимизни миллий қадриятларга ҳурмат, анъаналарга содиқлик руҳида тарбиялашда фаоллигимизни янада ошириш, ўзбек боласига янада яқин бўлишга интиламиз. 

Шиддат билан ривожланаётган замондан ортда қолмаслик, янгича форматлар, янги платформалар ёрдамида болаларни жалб этиш ва улар учун сифатли миллий контентни тақдим этишни ҳам мақсад қилганмиз ва бу борада доимий изланиш, ривожланишдамиз.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсам, ушбу мукофот бизга нафақат фахр, балки Ўзбекистон келажаги бўлган ёш авлодни тарбиялашдаги жавобгарлик ҳиссини ҳам бахш этди. Биз ҳам олдимизга қўйилган ана шу вазифаларимизни бажаришда шаҳдам қадам ташлаяпмиз. 

ЎзА мухбири 

Назокат Усмонова 

суҳбатлашди.