Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Заҳматкаш устозлар хотираси ҳамиша барҳаёт
12:32 / 2022-11-04

Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Воҳид Абдуллаев таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан анжуман ташкил этилди.

«Академик Воҳид Абдуллаев ва Самарқанд адабиётшунослик мактаби» мавзусида бўлиб ўтган илмий-амалий анжуманда атоқли давлат ва жамоат арбоблари, Воҳид Абдуллаевнинг оила аъзолари ҳамда Самарқанд давлат университети илмий жамоатчилиги ва талабалар иштирок этди.

Анжуманни Самарқанд давлат университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Хушвақтов кириш сўз билан очди. Шундан сўнг атоқли олимнинг замондош ва шогирдлари, илм-фан вакиллари Воҳид Абдуллаев шахсияти, илмий мероси ҳамда ўзбек мумтоз адабиётининг бой тарихини ўрганиш борасидаги фаолияти ҳақида ўз фикрларини ўртоқлашди. Тадбирда сўзга чиққанлар Воҳид Абдуллаевнинг порлоқ хотирасини ёд этар экан, олим асос солган ўзбек мумтоз адабиётшунослик мактаби, унинг бугунги намояндалари олдида турган муҳим вазифаларни амалга ошириш жараёнида Воҳид Абдуллаев илмий меросининг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталди.

- ХХ асрдан бошлаб ўзбек мумтоз адабиётининг ўрганилиши ўзининг янги юксалиш босқичига кирди, - дейди Самарқанд давлат университети профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Муслиҳиддин Муҳиддинов, - Самарқандда адабиётшунослик илмий мактабига асос солган Воҳид Абдуллаев теран нигоҳ ва миллий ғурур билан ўз Ватани, халқ адабиёти манфаатларини ҳимоя қилган буюк сиймодир. Қайд этиш керакки, Алишер Навоий ҳақидаги дастлабки тадқиқотлар Самарқанд илмий муҳити намояндалари томонидан яратилди. Воҳид Абдуллаев Навоий мулкининг нигоҳбони сифатида бутун умрини бу меросни ўрганишга бахш этди. Олимнинг деярли барча тадқиқотлари Навоийнинг шахсияти, ҳаёти, ижод ва фаолиятини ўрганишга бағишланган. Шу боисдан бўлса керак, Навоий шахсига хос улуғвор руҳ Воҳид Абдуллаев сиймосига синггандек гўё...

- Воҳид Абдуллаевнинг илм-фан ва адабиётдаги ўрни, қолдирган илмий мероси ўз соҳасининг етук вакиллари томонидан эътироф этилаётгани мени ниҳоятда хурсанд қилади, - дейди Воҳид Абдуллаевнинг ўғли Шавкат Абдуллаев, - Бўлиб ўтган анжуманни кузатар эканман, гўё шу давра ичра отамнинг руҳи кезиб юргандай бўлди. Воҳид Абдуллаев қолдирган илмий меросни тўла-тўкис ўрганиб чиқиш, тарғиб қилиш учун жуда кўп ишлар қилиниши керак. Бугунги анжуман ушбу вазифани амалга оширишда муҳим омил бўлиши, шубҳасиз.

- Академик Воҳид Абдуллаев ўзидан ҳар қандай олим ҳавас қилса арзийдиган илмий мерос қолдирган, - дейди филология фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Султонмурод Олим, - Илм – тадрижий жараён. Ифодали қилиб айтилса, фаннинг муайян соҳаси олимлари ҳамкорликда бир бутун иморат қуради. Эсдан чиқармайликки, бу иморатнинг биз турган қавати остида яна неча-неча қават бор. Шу маънода фанимизнинг Воҳид Абдуллаев каби биздан олдинги заҳматкашлари ҳаёти ва ижодий меросини ўрганиш фақат уларни хотирлаш, хизматларини қайд этиш, маънан қадрлаш учунгина эмас, балки фанимизни бундан кейин ҳам ривожлантириш учун сув ва ҳаводек зарур.

Конференция давомида академик олимнинг фаолияти ҳақида билдирилган фикрлар ва олим хотирасини абадийлаштиришга қаратилган таклифлар Самарқанд илмий-адабий муҳитининг буюк намояндаси Воҳид Абдуллаев хотирасига эҳтиромнинг ўзига хос намунаси бўлди. 

 

Ирода Бекмуродова,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими