Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Заҳматкаш олим ёди
12:41 / 2025-12-18

Ўзбекистон Республикаси Ўзбек тили, адабиёти ва фoльклoри институтида Ўзбекистoн Республикаси Фанлар академияси академиги, санъат ва фан арбoби, Давлат мукoфoти сoвриндoри Иззат Султoнoв таваллудининг 115 йиллигига бағишланган илмий-адабий анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманда oлимнинг ўзбек адабиётшунoслиги, санъатшунoслик ва маданият тараққиётидаги улкан xизматлари, илмий мерoсининг бугунги адабий жараёндаги аҳамияти, шунингдек, унинг ижoдий фаoлиятининг дoлзарб масалалари юзасидан маърузалар тингланди.  

Айтиш жоизки, устоз  қаламкаш Иззат Султон миллий адабиётимиз заҳматкаши ва жонкуяри, адабий танқид ва таҳлил, бадиий таржима, драматургия каби йўналишларда пешқадам ижодкор эди.  

Маълумотларга кўра, етакчи адабиётшунос, истеъдодли драматург Иззат Султон 1910 йил 21 ноябрда Ўш шаҳрида ҳунарманд оиласида туғилди. Отаси вафотидан кейин болалар уйида тарбияланди. 1924 йилда у Тошкентга ўқишга келади. Аввал «Намуна» иш мактаби, сўнгра таълим-тарбия техникумида ўқийди. Техникумни тамомлагач, мактабларда ўқитувчилик қилади.

Манбаларга кўра, Иззат Султон 1930 йилда Ўрта Осиё Давлат университетининг ижтимоий фанлар факультетида ўқийди. Самарқанд шаҳрида чиқадиган «Батрак» газетаси муҳарририятида масъул котиб бўлиб ишлайди. 1934 йили Тил ва адабиёт институти аспирантурасига кириб, уни 1937 йилда тамомлайди. 1943-1948 йилларда давлат раҳбарлик лавозимларида хизмат қилади. 1948 йилдан буён Ўзбекистон Фанлар академияси А.С.Пушкин номли Тил ва адабиёт институти (ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори  институти)да ишлаган.

Иззат Султон 1932 йилдан бошлаб вақтли матбуотда адабиётшуносликка оид мақолаларини эълон қилиб келган. Устоз ижодкор  «Адабиёт назарияси» (1939, 1979) дарслигини яратган. Тадқиқотчининг улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий меросини ўрганишга оид қатор илмий асарлари алоҳида аҳамиятга эга.  

Иззат Отахонович кенг қамровли олим, адабиётшунос сифатида халқ оғзаки ижоди, мумтоз адабиёт, замонавий адабий жараён, қардош ва жаҳон адабиёти, адабиёт назариясига оид ўнлаб етук асарларнинг муаллифидир.

Иззат Султон бадиий адабиёт соҳасида ҳам баракали ижод қилган. Илк драматик асари «Бургутнинг парвози» (1939) замондошларини Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш жиҳатидан муҳимдир. Уйғун билан ҳамкорликда ёзган «Алишер Навоий» (1940) асари ўзбек драматургиясининг ютуқларидан бири бўлди. «Номаълум киши» (1963), «Имон» (1960) драмаларида ахлоқ нормалари, замонамиз кишиларининг фазилатлари улуғланган.  

«Кўрмайин босдим тиканни», «Ибн Синонинг болалиги», «Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлари» асарлари  олим  ижодида муҳим ўринни эгаллади.

Иззат Султон Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1995), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1964), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1981) Беруний номидаги Давлат мукофотининг лауреати (1970), «Шуҳрат» медали соҳиби (1992) эди.  

Тадбир дoирасида етук oлимлар, ёш тадқиқoтчилар ва сoҳа мутаxассислари иштирoк этиб, Иззат Султoнoв илмий мактабининг давoмийлиги ва унинг замoнавий тадқиқoтлардаги ўрни муҳoкама қилинди.  

Н.Усмонова,

ЎзА мухбири