Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида филология фанлари доктори, профессор Ҳамиджон Ҳомидий таваллудининг 90 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.
Серқирра ижод соҳиби, таниқли педагог Ҳамиджон Ҳомидий (Ҳомидов) 1935 йил 4 октябрда Наманган вилоятининг Косонсой шаҳрида таваллуд топган. 1955-1960 йиллари Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтида таҳсил олган.
У 1982-2010 йилларда Тошкент давлат педагогика университетининг “Ҳозирги ўзбек адабиёти” ҳамда “Ўзбек классик адабиёти” кафедраларини бошқарди.
[gallery-25736]
Ҳамиджон Ҳомидий манбашунос олим сифатида “Доробнома”, Шоҳ Ҳижрон “Шоҳнома”си, “Барзўнома”, “Динкард”, “Тазкират-ул-авлиёи туркий”, “Мотуридий пандномаси” сингари сарчашмаларни илк бор илмий истеъмолга олиб кирди.
Турли йилларда “Барҳаёт шеърий қаср”, “Боқий бўстон таровати”, “Борбад Марвазий”, “Шоҳноманинг шуҳрати”, “Фирдавсий ва ўзбек адабиёти”, “Олис яқин юлдузлар”, “Қирқ беш аллома ҳикояти”, “Аждодлар сабоғи – ақл қайроғи”, “Кўҳна Шарқ дарғалари”, “Даҳолар давраси”, “Мислытели Востока”, “Авесто файзлари”, “Авесто ва тиббиёт” (ҳаммуаллиф), “Авестодан Шоҳномага”, “Тасаввуф алломалари”, “Тасаввуф Қаранийдан Рушдийгача”, “Меҳридан сароб бўлганларим”, “Гуманизм куйчиси”, “Барҳаёт шеърий қаср”, “Машриқзамин – ҳикмат бўстони” (ҳаммуаллиф), “Наманган адиблари” (ҳаммуаллиф), “Ўзбек адабиёти”, “Косонсой тарихи” (ҳаммуаллиф), “Низомий дилбандлари”, “Устозлар сабоғи – ақл чироғи”, “Йиллар самари”, “Поктийнат сиймолар” китоблари нашр этилди.
У рус, форс, тожик тилларидан “Бундахишн”, “Сафарнома”, “Етим”, “Қорача қиз”, “Нишонга тегмаган ўқ”, “Кўҳна одамлар”, “Ҳудуд-ул-олам”, “Муқанна исёни”, “Темур Малик”, “Қайсар чумчуқ”, “Вафодор арғумоқ”, “Шоҳнома” (сайланма достонларнинг насрий баёни) асарларини ўзбек тилига ўгирган. “Шоҳномаи туркий”, “Қиссаи Сиёвуш”ни нашрга тайёрлади. Турли илмий тўплам, журнал ҳамда вақтли матбуотда олимнинг 500 дан ортиқ илмий ва илмий оммабоп мақолалари эълон қилинган.
Профессор Ҳамиджон Ҳомидий 30дан зиёд номзодлик ва докторлик диссертацияларига оппонентлик қилган. Ўндан зиёд адабиётшунос, манбашунос ёшлар илмий раҳбарлигида фан доктори ва фан номзоди, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини олишга муяссар бўлган.
Ҳамиджон Ҳомидий 1991 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Сермаҳсул олим қолдирган илмий, маънавий мерос олимнинг номини абадиятга муҳрлади десак янглишмаган бўламиз.
Адабий анжуманда заҳматкаш олимнинг фаолияти, миллий адабиётимизга қўшган ҳиссаси, у билан боғлиқ ёрқин хотиралар ёдга олинди.
Н.Усмонова,
Р.Назарматов (сурат),
ЎзА