Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ичкиликни ман этиш ҳақидаги фармони
14:30 / 2025-02-26

Ватанимиз тарихидаги 26 февраль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1527 йил (бундан 499 йил олдин) – Заҳириддин Муҳаммад Бобур ичкиликни ман этиш ҳақида фармон қабул қилди. Мазкур фармонда шундай қайд этилади: Мамлакатда «Мутлаҳо ҳеч бир киши нчкилик ичишга уринмасин, уни ҳосил қилишга тиришмасин, ичкилик ясамасин, сотмасин ва олмасин, ўзида сақламасин, элтмасин ва келтирмасин... Амри олий билан 932 йили 24 жумодил аввалда (1527 йил 26 февралда) ёзилди». Ўша куниёқ Бобурнинг яқинларидан 400 киши Қуръони Каримни қўлларига олиб ичмасликка ваъда берганлар.

1760 йил (бундан 265 йил олдин) – Қўқон хони Эрдонабий Хитой императори Цяньлун ҳузурига – Пекинга элчилар юборди. Сўнгги ўрта асрларга хос бўлган дипломатик алоқалар: элчилар айрибошлаш ва мактублар орқали амалга оширилган ҳамда дипломатларининг таркибий қисми савдогарлардан иборат бўлиб, дипломатик почта эса савдо карвонлари орқали кўзланган манзилга етказиб берилган.

Тарихчи Шерали Қўлдошевнинг ёзишича, Қўқон элчилари Қашқарда қабул қилиниб, элчи шахсини аниқлаб унга таржимон ва ҳарбий қўриқчилар, отлар, аравалар, йўлдаги таъминот учун эса озиқ-овқат ва маълум миқдорда пул берилган. Қашқардан Ёркендгача келган элчилар Тарим водийси орқали Қумулга етиб олган, Қумулда ҳам улар яхши кутиб олинган ва от-улов, озиқ-овқат билан таъминланиб Пекинга – император ҳузурига юборилган.

1888 йил (бундан 137 йил олдин) – Каспийорти темирйўли орқали Бухорога биринчи поезд келди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, 11 майда Самарқанд шаҳрида ҳам темир йўл очилишининг тантанали маросими ўтказилди. Михайловск қўлтиғидан Самарқандгача бўлган 1335 верст узунликдаги Каспийорти темир йўл ягона лойиҳа асосида эмас, балки кичик-кичик лойиҳаларнинг умумлашуви оқибатида бунёд қилинди. 

Генерал-лейтенант М.А.Терентьевнинг маълумотига кўра, Самарқандгача 62 та станция бўлиб, улардан 32 тасида сув бор эди холос, қолган станияларга ташиб келтириларди. Шунингдек, 129 та паровоз, 1965 та вагон бўлиб, шулардан 136 таси йўловчилар учун мўлжалланган эди.

1918 йил (бундан 107 йил олдин) – Туркистон ҳукумати раиси Ф.Колесов пахта толаси ва пахтани мусодара қилиш тўғрисидаги декретни имзолади. Мазкур декретга кўра қисқа вақт ичида заводларга топширилган 3,4 миллион пуд пахта толаси, 6 миллион пудхом пахта, 600 минг пуд пахта ёғи, 4 миллион пуд чигит, 1,1 миллион пуд кунжара совет давлати ихтиёрига бепул ўтди. Деҳқонлар заводга топширган пахтаси учун ҳам, уйидан олиб кетилган пахта учун ҳам лоақал қатъий нархда бўлса-да пул ололмадилар.

1926 йил (бундан 99 йил олдин) – Бокуда туркшуносларнинг биринчи қурултойи иш бошлади. Бу қурултойда 150 нафар мутахассис иштирок этган. Унда Ўзбекистондан Маориф халқ комиссари Раҳим Иноғомов, давлат ва жамоат арбоби Назир Тўрақулов маъруза қилди, Ашурали Зоҳирий, Шокиржон Раҳимий, Хоразмдан Бекжон Раҳмон расмий вакил сифатида қатнашди. 

1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси билан Финляндия Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди.

1999 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Журналист кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2013 йил (бундан 12 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Наманган вилоятида мультимодал Логистика марказини ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”, “«Қайрағоч» конида ер ости кони қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.

2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Профессионал таълим муассасаларининг бошқарув ҳамда педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси котибияти фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Солиққа оид айрим ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини мақбуллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади