Буюк бобокалонимиз, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги муносабати билан жойларда турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Миллий гвардияси ҳарбий қисмида ҳам ҳарбий хизматчилар, талаба ва ўқувчи ёшлар иштирокида Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбир ташкил этилди.
Тадбир аввалида маърузачилар томонидан Бобурнинг болалик йиллари, мураккаб сиёсий вазиятда вояга етгани, ёшлигиданоқ жасорат ва қатъият намоён этгани ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Унинг ҳарбий-сиёсий майдонга кириб келиши, Мовароуннаҳр ва Ҳиндистондаги юришлари, шунингдек давлат бошқарувидаги ислоҳотлари алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида бобокалонимизнинг гўзал рубоий ва ғазалларидан намуналар ўқилди. Ёшлар томонидан саҳналаштирилган бадиий чиқишлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Саҳна кўринишларида Бобур ҳаётининг муҳим лавҳалари жонлантирилиб, унинг Ватанга муҳаббати, илм-фанга ҳурмати ва адолатпарварлик ғоялари ёшлар учун ибрат сифатида намоён этилди.
Тадбир иштирокчилари Бобур мероси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагани айниқса, ҳарбий хизматчилар учун жасорат, матонат ва садоқат намунаси эканини алоҳида таъкидлади.
Тадбир Миллий гвардия ашула ва рақс ансамбли хонандалари ижросидаги куй-қўшиқлар билан кўтаринки руҳда якунланди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Cvst4TfWv-E" title="Zahiriddin Muhammad Bobur tavalludining 543 yilligi keng nishonlanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова, ЎзА