Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги нишонланди
15:29 / 2023-02-14

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Миллий гвардия ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда атоқли шоир ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишланган “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ворислари” номли байрам тадбири ўтказилди.

Адиблар хиёбонидаги шоир ҳайкали пойида ўтказилган тадбирда давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йил 25 январда қабул қилинган “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори аҳамиятига эътибор қаратилди.  

Тадбир Ўзбекистон Миллий гвардияси Жамоат хавфсизлиги университети Отлиқ қўшинлари жамоасининг шоир ва саркардалар образида чиқишлари ва жамоатчилик иштирокида Бобур ҳайкали пойига гулчамбар қўйиши билан бошланди.  

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид улуғ бобокалонимизнинг машаққатли ҳаёт йўли, ижоди хусусида батафсил сўз юритди. 

[gallery-10564]

– Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга йирик давлат арбобидир, – деди Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солган. Сержило ўзбек тилида ёзилган “Бобурнома” асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятнинг энг нодир дурдоналари бўлиб, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.  

Тадбирда “Бобур ҳаёти ва фаолияти – барчамизга ўрнак” мавзусида маъруза кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Дарҳақиқат, Бобур ўзбек адабиётида ўзининг нозик лирик асарлари билан ҳам машҳурдир. Унинг лирикасида шеъриятнинг асосий мазмуни бўлган инсоний фазилатлар, ёр васли, унинг гўзаллиги, унга чексиз муҳаббат, ҳижрон азоби, айрилиқ аламлари ва висол қувончлари ниҳоят гўзал ва моҳирона ифода этилган.  

Бобур ўзининг маълум ва машҳур асарлари билан тарихнавис адиб, лирик шоир ва ижтимоий масалалар ечимига ўз ҳиссасини қўшган олим сифатида халқимиз маданияти тарихида муносиб ўрин эгаллаган.  

Тадбирда Жамоат хавфсизлиги университетининг “Алвон беретлар” ансамбли томонидан Бобур ғазалига басталанган қўшиқлар ижро этилди. Шу билан бирга, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Ички ишлар академияси талабалари шоир ижодидан намуналар ўқиди.  

 

Назокат Усмонова,  

Носиржон Ҳайдаров(сурат)

ЎзА