Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Заҳириддин Муҳаммад Бобур — кучли давлатчилик ва юксак маънавият асосчиси
12:19 / 2026-02-14

Божхона институтида буюк давлат арбоби, шоир ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллигига бағишланган “Заҳириддин Муҳаммад Бобур — Ватанга муҳаббатнинг бебаҳо тимсоли” номли маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда институт профессор-ўқитувчилари, курсантлар ҳамда фаол ёшлар иштирок этди. Сўзга чиққанлар Бобур нафақат нозиктабиат шоир, балки кучли сиёсатчи ва моҳир саркарда сифатида ҳам тарихда ўчмас из қолдирганини таъкидлади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ёшлик чоғиданоқ сиёсий курашлар ва мураккаб вазиятлар ичида тобланган. У 12 ёшида Фарғона тахтига ўтириб, қисқа фурсатда катта сиёсий тажриба орттирган. Мураккаб шароитларга қарамасдан, у ўз олдига қўйган мақсадларидан чекинмаган, ҳарбий юришлар орқали ўз қудратини намоён этган.

Бобур 1526 йилда Панипат жангида ғалаба қозониб, Ҳиндистон ҳудудида қудратли Бобурийлар давлатига асос солган. Унинг ҳарбий истеъдоди, стратегик фикрлаши ва адолатли бошқаруви туфайли давлат қисқа вақт ичида мустаҳкамланди. 

Бобур давлат бошқарувида марказлашган тизимни йўлга қўйди, иқтисодий ва ҳарбий ислоҳотлар амалга оширди, турли миллат ва дин вакилларига нисбатан бағрикенг сиёсат юритди.

Шу билан бирга, у юксак маънавият соҳибидир. Унинг машҳур “Бобурнома” асари нафақат тарихий манба, балки ўша давр сиёсий, ижтимоий ва маданий ҳаётини акс эттирувчи ноёб ёдгорлик ҳисобланади.

Тадбир давомида институт курсантлари томонидан Бобур қаламига мансуб ғазал ва рубоийлар ифодали тарзда ўқилди. Шунингдек, шоҳ ва шоирнинг сермазмун ҳаёти ҳамда давлатчилик фаолиятини ёритувчи саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Маънавият ва ёшлар тарбияси маркази қошидаги Ашула ва рақс ансамбли хонандалари А.Ғаппоров ва Д.Шодмонова томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар тадбирга янада кўтаринки руҳ ва ўзгача шукуҳ бағишлади.

Бу каби тадбирлар ёш авлод қалбида буюк аждодимизга бўлган юксак эҳтиромни янада мустаҳкамлаб, уларни ватанпарварлик, жасорат ва фидойилик руҳида тарбиялашга хизмат қилди.

Ш.Маматуропова, ЎзА