Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларидан жамланган “ҲИКМАТЛАР” китоби ўзбек ва немис тилларида нашр бўлди.
Аслида Бобур Мирзо “Ҳикматлар” номли рисола битмаганини улуғ бобокалонимизнинг зукко ихлосмандлари яхши билади.
Таъкидлаш жоизки, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг тарихдаги ўрни беқиёс: буюк сулола асосчиси, беназир шоир, адиб, муаарих, саркарда...
Бобур Мирзога Алишер Навоийдек улуғ зот ёнидан жой олиш насиб этган.
У адабиёт илми билимдони сифатида энг қийин соҳа – арузга ҳам қўл урди, бу йўлда араб, форс, озарбайжон, турк тадқиқотчилари етолмаган чўққини забт этди.
“Бобурнома”ни инглиз тилига иккинчи марта таржима қилган инглиз шарқшуноси Аннета Сюзанна китобнинг иккинчи саҳифасини тўласича қуйидаги бир гапга ажратади:
“Бу китоб Бобурнинг шуҳратига бағишланади”.
Бобур Мирзо ҳаёти бошдан охир ибрат эди, унинг асарлари ҳам ҳикматларга тўла. Биргина ҳаммамизга таниш, ёд бўлиб кетган:
Ким кўрибдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?!
Кимки, ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ!
матлаъли ғазалидан ўрин олган байтларнинг ҳар бири алоҳида бир ҳикмат.
Ёки, Отани чунки қибла дебтурлар,
Қибла янглиғ анга назар қилғил...
Ё, ушбу байтга эътибор беринг:
Фалак гаҳе қилди давлат билан ҳамнишаст,
Гаҳе қилди меҳнат била ерга паст...
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазалларидан тартиб берилган “ҲИКМАТЛАР” китобини, албатта, ўқинг. Мутолаа сизни улуғ аллома ижодига янада яқинлашишга, уни севиб қолишингизга сабаб бўлғай.
Умида Яхшибоева,
ЎзЖОКУ магистратурасининг 2-босқич талабаси