Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси» қандай яратилди?
18:10 / 2021-05-17

Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги эълон қилинганидан бир ой ўтар-ўтмас Андижонда Бобур номидаги халқаро жамғарма ва унинг қошида худди шу номдаги халқаро илмий-амалий экспедиция ташкил этилаётгани ҳақидаги хабар тарқалди.

Андижонлик олим Зокиржон Машрапов ташаббуси билан ташкил этилган ушбу жамғарма олдига қўйилган вазифалар нафақат ўша даврлар, балки мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан ўзаро алоқалари ўта ривожланган ҳозирги кун учун ҳам улуғвор режалар эди. 

Ўша кунларда Зокиржон аканинг ушбу режаларини ўта хаёлпарастлик деб атаганлар ҳам бўлди. Аммо йиллар давомида қалбининг туб-тубида асраб келган орзу ниятлари асири бўлган ва бутун дунёга мустақиллик нақадар улуғ неъмат эканлигини амалда исботлаш иштиёқида ёнган бу фидоий инсон учун буларнинг барчаси ўткинчи гаплар эди. Ниҳоят барча тайёргарлик ишлари якунланиб, орзулар амалга ошадиган кун келди.

1992 йилнинг 18 май куни, яъни бундан 31 йил муқаддам эрта тонгда нафақат мустақил Ўзбекистон, балки бутун Осиё давлатлари тарихида ҳам илк маротаба ташкил этилган Бобур номидаги халқаро илмий экспедиция ўзининг дастлабки илмий амалий сафарига жўнаб кетди. Шу ерга келганда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозим. 

Яъни истиқлолнинг илк қалдирғочи сифатида дунёга келган Бобур номидаги халқаро илмий экспедиция гарчи Бобур номи билан аталса-да, унинг мақсади ва асосий вазифаси нафақат Бобур Мирзо, балки юртимиздан етишиб чиққан, лекин турли сабабларга кўра Ватанидан олисда умргузаронлик қилган барча буюк бобокалонларимиз ҳаёти ва ижодини ўрганиш, улар қолдириб кетган бой маданий-маърифий меросни қайта тиклашдай умуммиллий вазифага имкон қадар ҳисса қўшиш эди.

Бу борада экспедициянинг Туркманистон, Эрон, Сурия, Иордания, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб амирликлари, Покистон ва Афғонистон давлатлари орқали ўтган икки ойлик сафари ўта самарали бўлди. Экспедиция аъзолари Шарқнинг ўнга яқин давлатларини автомашинада кезиб чиқиб, бобокалонларимиз томонидан яратилган маданий- маърифий ва меъморий ёдгорликларни ўрганиб, бир дунё таассурот ва янгиликлар билан қайтдилар. 

Энг асосийси, Бобур Мирзонинг чинакам ихлосмандлари бўлмиш экспедиция аъзолари ўз жонларини гаровга қўйиб бўлса-да, фуқаролар уруши авж олган Афғонистон, хусусан, мамлакат пойтахти Қобул шаҳрига қадар етиб борди. Улар экспедиция олдида турган энг муҳим ва энг асосий вазифани бажарди. Экспедиция аъзолари юрт ғамида юрт йўқотган буюк бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур қабрини зиёрат қилиш ва у зотнинг қабр тупроғидан олиб, Мирзо Бобурнинг киндик қони тўкилган Андижонга олиб келишга муваффақ бўлдилар.

Ушбу муқаддас тупроқ ўша кунга қадар Боғишамол дам олиш зонаси деб атаб келинган масканга қўйилди. Табаррук тупроқ қўйилган кундан бошлаб бу ерда Мирзо Бобурнинг Қобулдаги қабри билан бир хил тарихдаги рамзий мақбара ва шу билан бир пайтда мақбарага ёндош жойда мўъжазгина масжид ҳамда улкан мозийгоҳ қурилиши ҳам бошлаб юборилди. Ўта қисқа муддатда қир- адирлар ўзлаштирилиб, улкан боғ барпо этилди ва ушбу маскан “ Боғи Бобур” номи билан атала бошланди.

Ўшандан бери 30 йилдан зиёд вақт ўтди. Бу орада Бобур номидаги халқаро жамғарма ва илмий экспедиция томонидан хорижий давлатларга қилинган амалий сафарлар самарадорлиги янада ортди. Хусусан, тарихий манбаларда Мир Алишер Навоий бобомизнинг устози Мавлоно Лутфий Ҳирот шаҳри яқинидаги “Деҳи Кенор” деб аталувчи қишлоқ қабристонига дафн этилганлигидан бошқа ҳеч бир маълумот йўқ эди. Экспедиция аъзолари деярли бир ҳафта давомида айни шу қишлоқ қабристонини қадамма-қадам ўрганиб чиқди. 

Қилинган уринишлар бесамар кетмади. Улар деярли ярим метрли тупроқ остида қолиб кетган ва Мавлоно Лутфий айни шу жойга дафн қилинганлиги ҳақидаги сўзлар битилган қабр тошини излаб топдилар. Бу экспедиция фаолиятидаги энг катта ютуқ эди. Лекин ҳамюртларимиз фақат шу билангина кифояланиб қолганлари йўқ. Келгуси йили экспедиция томонидан фақат Ҳирот шаҳри учун мўлжалланган амалий сафар уюштирилди. Ушбу сафар давомида Мавлоно Лутфийнинг деярли йўқ бўлиб кетган қабри устида ул зотнинг миллий адабиётимизда тутган ўрни ва мавқеига яраша қабр тоши ўрнатилди. Қабрнинг чор атрофи ободонлаштирилиб, миллий анъаналаримиз асосида ишланган нақшин кўшк бунёд этилди. 

Экспедициянинг кейинги сафарларида эса худди шундай нақшин қабр тошлари ва нақшин айвон Абу Райҳон Беруний бобомиз, ўз кўрки ва улуғворлиги билан кишини ҳайратга соладиган нақшин айвон улуғ мусаввир Камолиддин Беҳзод қабри устида ҳам барпо этилди. Бу каби амалий ишлардан ташқари экспедиция аъзолари томонидан турли мамлакатларда йўқолиб кетаётган кўплаб қўлёзма манбалар, бебаҳо тарихий асарлар намуналари юртимизга келтирилди, жамғарма томонидан таржима қилдирилиб чоп этилди ва юртдошларимизга туҳфа этилди.

Шу ерда бир нарсага эътиборингизни қаратишни истардик. Яъни мустақилликка қадар улуғ бобокалонларимиз, шу жумладан Мирзо Бобур ҳаёти ва ижодига оид йирик тадқиқот ишлари фақат Европа олимлари томонидан олиб борилар ва шунга кўра жаҳон Бобуршунослик маркази ҳам Европа ҳисобланарди. Минг шукрлар бўлсинким, мустақиллик туфайли бу борадаги тилимиз қисиқлиги ҳам бартараф этилиб, бобуршунослик илмий маркази Ўрта Осиё, аниқроғи Ўзбекистонга кўчиб ўтди.

Албатта, бундай оламшумул жараён Мирзо Бобур асарларида тилга олинган жой ва айрим шахсларнинг номлари, атама ҳамда географик терминларни тўлақонли англашга бўлган жуда ҳам катта эҳтиёжни юзага келтирди. Айни шу эҳтиёж ва Бобур номидаги халқаро жамғарма ташаббуси ва мамлакатимиз бобуршунос олимларининг ва ушбу асарда тилга олинган жуда кўп соҳа вакилларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари маҳсули сифатида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси» дунёга келди.

Фаррух Расулов, ЎзА