Ўзбек ва турк халқлари азалдан дўст ва биродар ҳисобланади. Қардошлик ришталари, халқларимизнинг тарихий илдизлари, муштарак орзу-интилишлари икки халқни янада яқинлаштиради.
Аввал хабар берганимиздек, Туркиянинг “Адолат ва тараққиёт” партияси раиси ўринбосари Зафер Сиракая бошчилигидаги делегация вакиллари мамлакатимизда бўлиб турибди. Ташриф давомида партия раиси ўринбосари Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳам бўлиб, Спикер ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов билан учрашди.

Учрашувда сўнгги йилларда давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоғаннинг сиёсий иродаси билан кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари ўзаро ишонч ва дўстлик ришталари асосида жадал ривожланиб, икки томонлама ҳамкорлик янада юқори даражага кўтарилаётгани эътироф этилди.
Мулоқотда ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олишда парламентлар ва партиялараро алоқалар муҳим ўрин тутиши, кейинги йилларда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Туркиянинг “Адолат ва тараққиёт” партияси ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди.

Шунингдек, суҳбат давомида меҳмонларга янги таҳрирдаги Конституция нормаларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Ўз навбатида, З.Сиракая Ўзбекистонда олиб борилаётган мувозанатли, конструктив ва прагматик ташқи сиёсат ва унинг натижаларини юқори баҳолади. Амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўси тобора ортиб бораётганини эътироф этди.
Мулоқот давомида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, парламентлараро ва партиялараро муносабатларни ривожлантириш, сиёсий партиялар ўртасида тажриба алмашиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА