Бахмал туманидаги “BMB-OPERA ZAFFERANO” Ўзбекистон – Италия қўшма корхонаcи томонидан маҳаллий ва марказий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари учун ташкил этилган пресс-турда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, тажриба алмашиш мақсадида келган заъфарон етиштирувчи хорижий мутахассислар, Жиззах вилояти ва Бахмал тумани ҳокимликлари, ижтимоий тармоқ фаоллари, жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Тадбир иштирокчиларига қўшма корхона плантацияларига Италиядан келтирилган заъфарон туганак пиёзбошларини намунавий экиш жараёни намойиш этилди.
“BMB-OPERA ZAFFERANO” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона раҳбари Азиз Маматқулов “BMB HOLDING” ва “FIN.OPERA s.r.l.”компаниялари таъсисчилигида Бахмал тумани ҳудудида 2020 йилда ташкил этилган ушбу қўшма корхона фаолияти хусусида ахборот берди.
Ўтган давр мобайнида 304,5 гектар майдонда заъфарон етиштирилиб, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича каттагина инвестицион лойиҳа амалга оширилаётгани, лойиҳа доирасида ўтган 3 йил давомида Италиядан 70 миллион донадан ортиқ заъфарон туганак пиёзбошлар олиб келиб экилгани ва юқори сифатдаги ҳосил олингани, жорий мавсумда қўшимча майдонларга ушбу маҳсулотни экиш натижасида плантацияларнинг умумий майдони 400 гектарга етказилиши таъкидланди.
[gallery-13897]
– “BMB Zaʼfaron” бренди остидаги маҳсулот Италия, Франция, Недерландия, Германия, Корея давлатларидаги энг нуфузли халқаро лабораторияларда икки босқичли чуқурлаштирилган текширувдан ўтказилиб, “ISO 3632-1/2011” халқаро стандартлари асосидаги таҳлил натижасида ранг, ҳид ва таъм кўрсаткичлари бўйича I категория сифат даражаси сертификатига эга бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим, – дейди қўшма корхона таассисчиларидан бири жаноб Роберто Тучи. – Шунингдек, АҚШ Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини назорат қилиш бошқармаси (FDA - Food and Drug Administration) Ўзбекистондан АҚШга “BMB Zaʼfaron” бренди остида заъфарон маҳсулотини импорт қилишга рухсат берганини катта қувонч билан айтишим эътиборга жоиз.
Бугун “BMB Za’faron” бренди остидаги заъфарон маҳсулоти ички ва ташқи бозорларда тобора харидоргир бўлиб бормоқда. Эндиликда компаниянинг экспорт географияси Италия, Австрия, Жанубий Корея, АҚШ, Тожикистон ҳамда Саудия Арабистони каби мамлакатларни қамраб олган.
– Президентимизнинг жорий йил 8-9 июнь кунлари Италияга амалга оширган расмий ташрифи давомида 2027 йилга қадар заъфарон плантацияларини 2 минг гектарга етказиш бўйича умумий қиймати 80 миллион еврога тенг инвестиция шартномаси имзоланди. Лойиҳани амалга ошириш доирасида 2020-2022 йиллар давомида 32 миллион 400 минг евро инвестиция жалб этилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даври давомида ушбу кўрсатгич 8 миллион 400 минг еврони ташкил этмоқда.
Мазкур йирик халқаро инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши натижасида нафақат минтақамизда, балки дунё бўйича энг йирик заъфарон плантацияси барпо этилади ва Ўзбекистон ушбу маҳсулотни етиштириш ҳамда экспорт қилиш бўйича халқаро бозорда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлишига умид қиламиз.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА