French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Заъфарон етиштириш ва унинг тиббий имкониятлари таҳлил қилинди
11:56 / 2026-03-06

Тошкентдаги “BMB Holding” илмий тадқиқотлар бўлимида ўтказилган учрашув заъфарон етиштириш ва унинг тиббий имкониятларини чуқур таҳлил қилишда янги истиқболларни очди.

Учрашувда қишлоқ хўжалиги соҳасида фалсафа фанлари доктори (PhD) Бумайрам Усмонова ва фармацевтика фанлари доктори, профессор Абдуқодир Тўлагановлар иштирок этишди. Музокаралар доривор ўсимликлардан самарали фойдаланиш, уларнинг таркибини илмий асосда стандартлаштириш ва заъфароннинг фармакологик қимматини аниқлаш масалалари атрофида олиб борилди.

Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги “BMB Opera Zafferano” Ўзбекистон–Италия қўшма корхонаси плантацияларида етиштирилаётган заъфарон ва унинг биологик фаол моддаларини аниқлаш ҳамда турли касалликлардан муҳофаза қилишдаги роли илмий асосда тадқиқ этиш юзасидан ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.

Музокарада асосий эътибор заъфарон таркибидаги фаол компонентларнинг тиббий ва профилактик аҳамиятини илмий асослашга қаратилди. Шунингдек, етиштириш жараёнида қўлланилаётган ўғитлар ва агротехник усулларнинг маҳсулот таркибига таъсири ҳам тўлиқ таҳлил қилинади. Ўғит қўлланилган ва қўлланилмаган ҳолатларда биологик фаол моддалар миқдорини таққослаш режалаштирилди.

Музокаралар якунида профессорлар раҳбарлигида заъфароннинг таркибий таҳлиллари амалга оширилади. Бу эса хорижий биологик фаол қўшимчалар (БАД) ишлаб чиқарувчи компаниялар учун талаб этиладиган лаборатория хулосалари ва таҳлилларни тайёрлаш имконини беради.

Янги тадқиқотлар Ўзбекистонда заъфарон етиштиришни илмий асосда ривожлантириш, унинг доривор салоҳиятидан кенг фойдаланиш ва халқаро стандартларга мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқаришда янги замин яратади. Шу нуқтаи назардан, бу жараённи Президент Шавкат Мирзиёев 5 март куни фармацевтика тармоғида ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва технология трансферини жадаллаштириш бўйича видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси билан узвий боғлаш мумкин.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири