Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Зафаробод туманида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши фронт орти меҳнат фахрийси Мария момо Абдураҳимовага Президентимизнинг эсдалик совғалари ҳамда бир марталик пул мукофотини топширди.
Зафаробод тумани “Бирлик” қишлоқ фуқаролар йиғини Аваз Ўтар кўчасида яшовчи Мария Абдураҳимова жорий йилнинг 3 март куни 100 ёшни қаршилади.
...Асли, Украинанинг Черкас вилояти Звенигород тумани Моринци қишлоғида туғилиб ўсган Мария Овсиенко Иккинчи жаҳон уруши бошланганида эндигина 16 ёшга тўлган қиз эди. 1942 йил фашистлар Германияси Украинани ишғол қилгач, окупация қилинган ерларда қолган минглаб инсонлар сингари Мария ҳам Германиядаги концентрацион меҳнат лагерларидан бирига олиб кетилди.
Қанчадан-қанча машаққатларни бошидан кечирган Мария, собиқ иттифоқ қўшинлари томонидан концлагердан озод этилгач, уйига қайтишга муваффақ бўлди.
Киев шаҳридаги заводга ишга жойлашиб, у ерда Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидан Украинада фашистларга қарши жанг қилган Карим Абдураҳимов билан танишиб, оила қуради. Кўп ўтмай Абдураҳимовлар Карим бобонинг ота уйи Пайариққа қайтиб, ҳудуддаги чорвачилик фермасига ишга киради.
Мирзачўл ўзлаштирила бошлангач эса Жиззах вилояти Пахтакор тумани “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғинига келиб жойлашади. Бу ерда Карим Абдураҳимов пахтачилик хўжалигида, Мария эса қурилиш корхонасида сувоқчи-бўёқчи бўлиб фаолият кўрсатади.
Мария Абдураҳмонова пенсияга чиққандан кейин ҳам 10 йил давомида почтачи бўлиб ишлади. Турмуш ўртоғи вафот этгач, бор куч-ғайратини 6 фарзандини ҳеч кимдан кам қилмай улғайтиришга сарфлади. Шу сабабдан момонинг фарзандлари, маҳалла-кўй олдида ҳурмати баланд ва момони тез-тез йўқлаб турадилар. Айниқса, Хотира ва қадрлаш байрами нишонланадиган кунларда Мария момонинг хонадони тўй тусини олади.


Президентимизнинг жорий йил 2 майдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида” ги фармони асосида жамоатчилик вакиллари, ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари, маҳаллий ҳокимлик вакиллари, маҳалла фаоллари, ўқувчи-ёшлар, момонинг ўғил-қиз, невара-чеваралари байрам билан қутлагани жамул-жам бўлишди.
Ана шу байрам кунларида, Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Мария момога Президентимизнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 78 йиллиги билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Давлатимиз раҳбарининг тилла суви юритилган “Шердор” соати эсдалик совғасини ҳамда бир марталик бериладиган 18 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотини ва яна маҳаллий ҳокимлик, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа кўплаб ҳомийлар ўзларининг қимматбаҳо ва эсдалик совғаларини тантанали равишда топширди.
Мария момо, эътибор ва ғамхўрлик учун Юртбошимизга, вилоят, туман раҳбарларига самимий миннатдорчилик билдирди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА