Зафарободда 10 нафар болажоннинг хатна тўйи ўтказилди
Жиззах вилоятининг ҳар бир шаҳар, туман, қишлоқ, маҳаллаларида, корхона, ташкилот, муассасаларида мустақиллигимизнинг 31 йиллиги “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” эзгу ғояси остида кенг нишонланмоқда.
Мустақил Ўзбекистонимиз миллий тараққиёт йўлининг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилаётган, “Янги Ўзбекистон” барпо этилаётган бугунги кунда, биз учун бебаҳо неъмат бўлган мустақилликнинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.


Мустақиллик байрам тантана қилинаётган бугунги доруломон кунларда Зафаробод тумани ҳокими Ўткирбек Раҳманов ташаббуси билан тумандаги 10 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларининг хатна тўйлари ўтказилди. Туман ҳокими болажонларни табриклаб, уларнинг оилаларига тинчлик-фаровонлик тилади. Тўйболаларга кийим-бош, велосипед ва совғалар туҳфа қилинди.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат) ЎзА