Бухоро вилояти пиллакорлари 2 минг 700 тоннадан ортиқ “кумуш тола” тайёрлаб, шартнома режасини бажарди.
Мавсумда 3 мингдан ортиқ фермер хўжалиги ёки 40 мингга яқин звено ва касаначилар томонидан 46 минг 467 қути ипак қурти парваришланди. 2 минг 700 тоннадан зиёд сифатли пилла хом ашёси етиштирилди. Етиштирилган ҳосилнинг асосий қисми юқори навларга қабул қилинди.


Эришилган бу муваффақиятга вилоятнинг айниқса, Шофиркон, Ромитан, Бухоро, Вобкент, Пешку, Қоракўл, Олот туманлари пиллакорлари муносиб улуш қўшди. Илғор звеноларда, ҳатто, бир қутидан 85-100 килогача пилла олинди.
Жойлардаги бевосита қайта ишловчи кластерлар, аниқроғи, Шофиркон ва Ғиждувон туманларида “Gijduvon Ipak tola”, Жондор ва Ромитан туманларида “Romstar”, Вобкент ва Когон туманларида “Kumushkent ipagi”, Бухоро туманида “Silk servis”, Пешку туманида “IMANSTAR”, Олот ва Қоракўл туманларида “Qorako’l ipak cluster” корхоналари масъулияти, қолаверса, раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги оширилди ва пилла етиштирувчиларга зарур шароит яратиб берилди. Ҳамкорликда тармоқ фаолияти самарали ташкил қилингани мавсумни юқори даражада маҳсулдорлик билан ўтказиш имконини берди.


Қўлга киритилган ютуқда пиллакорларни моддий қўллаб-қувватлаган “Агробанк”, “Микрокредитбанк”, “Қишлоққурилишбанк”, “Капиталбанк” вилоят филиалларининг ҳам алоҳида ҳиссаси бор. Уларнинг моддий қўллаб-қувватлови туфайли ипак қурти уруғини тарқатиш жараёнида умумий қиймати 23 миллиард сўмдан ортиқ аванс, яъни бўнак пули касаначи оилавий звеноларга етказилди.
Режадан ташқари қабул қилинган пилланинг ҳар килосига тарози бошида 40-45 минг сўмдан мукофот пули берилгани ҳам умумий ютуққа эришишда муҳим восита бўлди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пилла етиштириш билан шуғулланувчилар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағлар ягона ижтимоий тўловлардан озод қилинди. Уй шароитида тирик пилла етиштирувчилар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўламайдиган бўлди. Пилла боқувчилар ва тизим касаначиларининг пилла мавсумидаги даврда бажарган ишлари уларга пенсия тайинлашда бир йиллик иш стажи сифатида ҳисобланмоқда. Шуларни инобатга олиб, ҳудудларда ишсизликни камайтириш, аҳоли даромадлари барқарорлигини сақлаш мақсадида тарқатиладиган ипак қурти ҳар йилги режадан 10 фоизга, яъни 4,5 минг қутига оширилди.


Қишлоқ аҳолисини, айниқса, “Темир”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган фуқароларни иш билан таъминлаш ва уларнинг даромадларини ошириш учун 1 қутидан пилла тарқатиб бериш орқали даромадли қилиш чоралари кўрилди. Умуман, мавсумда 110 минг кишининг бандлиги таъминланди.
Вилоятда қабул пунктларига пилла ҳосилини топшириш давом этмоқда. Биринчи ва иккинчи мавсумда етиштирилган ялпи ҳосил хирмонини 3 минг тоннага етказиш режалаштирилган. Бугун хирмонда саранжомланган ялпи ҳосилни қайта ишлаш ҳисобидан 850 тоннадан ошиқроқ ярим тайёр ипак маҳсулоти ишлаб чиқарилади ва экспортга йўналтирилади. Муҳими, фақат бу билан чекланмаган ҳолда, пиллачилик мавсумининг учинчи ва тўртинчи босқич парваришини ўз ичига олган август–сентябрь ойларида агрокластерлар ва улар таркибидаги касаначилар кўмагида вилоятда 6 минг 970 қути ипак қурти боқилади. Бу дегани, йил якунига бориб қўшимча 400 тонна атрофида пилла ҳосили етиштирилади.
Зариф Комилов, ЎзА