Ўтган йилги баҳор мавсумида Бухоро вилоятининг “кумуш тола” ижодкорлари 42 минг 36 қути ипак қурти боқиб парваришлаб, пировардида 2 минг 400 тоннага тенг пилла хирмонини яратган.
Пиллачиликда эришилган бу натижа республикада биринчи ўринда қайд этилган. Соҳада яратилган имконият, вилоят туманларида оилавий звено ва касаначиларни моддий қўллаб-қувватлаш тизими, уларга кундалик зарур озиқ-овқат, рағбат ўрнида бўнак пули, шунингдек, меҳнат шартномаси асосида иш ҳақининг ўз вақтида берилиши ипак қурти боқиш истагидаги оилаларнинг сони ва қизиқишини ошираётгани умумий ютуққа замин бўлаётир.
– Парвариш даври гарчи бир ойни ўз ичига олса-да, машаққати бисёр тармоқ – пиллачиликда жорий мавсумда ўтган йилгидан мўл, яъни туманларда жами 122 та инкубацияда жонлантирилган 44 минг 189 қути ипак қуртидан 2 минг 520 тонна сара пилла етиштириш режалаштирилган эди, – дейди масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Агропилла” вилоят ташкилоти бошлиғи Ўткир Наврўзов. – Бунинг учун туманларда жами 1 минг 900 дан ортиқ фермер хўжалиги ёки 40 мингга яқин пиллабоқар оилавий звенога жонлантирилган ипак қурти ҳар килограммига 500 минг сўмдан бўнак пули билан бирга тарқатилди. Уларга зарур тўшама, сунъий ўров воситаси, термометр ва бошқа ашёлар таъминотчи буюртмачилар томонидан етказилди. Ҳар бир ҳудуддаги ишни мувофиқлаштириш учун агроном бириктирилди. Бу саъй-ҳаракатларнинг мукофоти сифатида бухоролик пиллакорларнинг 2 минг 532 тонна “кумуш тола” хирмони тайёр.
Жойлардаги бевосита қайта ишловчи кластер корхоналари, аниқроғи, Жондор ва Ромитан туманларида “Romstar” қўшма корхонаси, Вобкент ва Когон туманларида “Kumushkent ipagi”, Бухоро туманида “Silk servis”, Пешку туманида “IMANSTAR”, Шофиркон ва Ғиждувон туманларида “Gijduvon Ipak tola”, Олот ва Қоракўл туманларида “Qorako’l ipak cluster” МЧЖ раҳбарларининг жавобгарлиги оширилди.
Қўлга киритилган ютуқда меҳнаткашларни моддий қўллаб-қувватлаган “Микро кредит банк”, “Қишлоқ қурилиш банк”, “Капитал банк”, “Агробанк” вилоят филиалларининг алоҳида ҳиссаси бор. Ипак қурти уруғини тарқатиш жараёнида ҳар қути учун 500 минг сўмдан, вилоятда умумий қиймати 22 миллиард 94 миллион сўм аванс, яъни бўнак пули касаначи оилавий звеноларга етказилган.
Пилла етиштириш билан шуғулланувчилар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағлар бўйича ягона ижтимоий тўловлардан озод қилинди. Уй шароитида тирик пилла етиштирувчилар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўламайдиган бўлди. Пилла боқувчилар ва тизим касаначиларининг пилла мавсумидаги даврда бажарган ишлари уларга пенсия тайинлашда бир йиллик иш стажи сифатида ҳисобланмоқда. Бу янада яхши натижа кўрсатишга ундайдиган омил. Ҳудудларда ишсизликни камайтириш, аҳоли даромадлари барқарорлигини сақлаш мақсадида тарқатиладиган ипак қурти ҳар йилги режадагидан 55 фоизга, яъни 2 минг қутига оширилган.
Пиллачилик тармоғи ривожи учун ипак қурти озуқа базасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада жорий йил бошидан 5 минг килограмм тут уруғини экишга тайёрлаш, 100 миллион туп тут кўчати захирасини яратиш борасида амалий ҳаракат бошланган.
Пиллакорликда ҳар қутидан белгиланган 60 килограмм ўрнига икки баробар кўп ҳосил етиштирилган. Бу каби меҳнаткашлар режадан орттириб бажарилган ҳосил ҳисобидан 2,5 миллион сўмдан 7 миллион сўмгача соф фойдани қўлга киритди.
– Шу кеча-кундуз қабул масканларида иш қизғин паллага кирган ва оилавий звенолар ҳисобидан 1 минг 100 қути ипак қурти ҳосилини қабул қилиш ишлари бормоқда, – дейди “Агропилла” вилоят ташкилоти бошлиғи Ўткир Наврўзов. – Бу билан мазкур биринчи ва иккинчи мавсумда етиштирилган ялпи ҳосил хирмонини 2 минг 600 тоннага етказишга яқин турибмиз. Бугун хирмонда саранжомланган ялпи ҳосилни қайта ишлаш ҳисобидан 250 тоннадан ошиқроқ ярим тайёр ипак маҳсулоти ишлаб чиқарилади ва экспортга йўналтирилади. Муҳими, фақат бу билан чекланмаган ҳолда, пиллачилик мавсумининг учинчи ва тўртинчи босқич парваришини ўз ичига олган август-сентябрь ойларида юқорида қайд қилинган агрокластерларимиз ва улар таркибидаги касаначилар кўмагида вилоятда 6 минг 620 қути сара ипак қурти боқилади. Бу дегани, йил якунига бориб, яна қўшимча 265 тонна атрофида пилла ҳосилини етиштириш ва умумий ялпи хирмонни 3 минг тоннага етказиш учун бор куч ва имкониятларимизни ишга соламиз.
Зариф Комилов, ЎзА