Бухоролик ғаллакорлар қабул шохобчаларига 194 минг 728 тонна дон етказиб бериб, белгиланган режани 102 фоизга бажарди.
Жорий йилда вилоятдаги 3 минг 10 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 65 минг гектар майдонга буғдойнинг “Алексеевич”, “Валена”, “Васса”, “Гром” ва “Таня” каби сараланган навлари экилиб, сифатли парваришланди.

Ғалабанинг асосий пойдевори – фермерларнинг ерга алоҳида меҳр билан қарагани, яъни қадалган дондан бошлаб уни парвариш қилиш, агротехник қоидаларга амал қилиш ва замонавий ёндашувларни жорий этиш ҳосилдорликнинг мўл бўлишига замин яратди.
Президентимизнинг “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилгани ғаллачилик кластерлари ва фермерларга буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқини берди.

Етиштирилган ҳосилни нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш учун вилоятдаги мавжуд 215 та комбайндан отряд шакллантирилди. Отрядларга 900 дан ортиқ юк автомобиллари, 32 та кўчма устахоналар, 43 та ёнилғи ташиш воситалари бириктирилди.
Ғалла ҳосилини етиштириш ва давлатга дон сотиш бўйича Вобкент, Пешку, Ғиждувон, Жондор, Ромитан ва Бухоро туманлари деҳқон ва фермерлари жонбозлик кўрсатди.

Етиштирилган ғалла ҳосилидан 1 триллион 410 миллиард сўмлик даромад мўлжалланаётган бўлса, шундан нақд 620 миллиард сўми соф даромаддир. Қолаверса, шартномавий режадан ташқари 340 минг тоннадан ортиқ етиштирилган ҳосилнинг фермер хўжаликлари тасарруфида қолиши хўжалик ишчиларининг моддий манфаатдорлиги ва иқтисодий фаровонлигини янада ошириш имконини беради.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.