– Ўзбекистон ва Ўрдун халқлари ўртасидаги дўстлик алоқалари узоқ тарихга эга бўлиб, бугунги кунда янги босқичга кўтарилмоқда, – дейди Иорданиядаги Жаҳон ислом илми университети (WICE) магистратура босқичи талабаси Зафар Абдуғаффор ўғли.
– Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдуллоҳ II ибн Ал-Ҳусайн 25-26 август кунлари давлат ташрифи билан юртимизда бўлди. Икки мамлакат дипломатик муносабатлари тарихида Иордания Подшоҳининг мамлакатимизга амалга оширган илк сафари сифатида, мазкур ташриф, ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди, алоқаларни кенг қамровли шериклик даражасига кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Сўнгги йилларда муносабатларимиз ривожи жадал ўсиш суръатига эга бўлиб, томонлар ўзаро манфаатли муҳим салоҳиятга таянган ҳолда шерикликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш истагини намоён этмоқда.
Давлатларимизни ислом маданияти, умумий тарихий мерос ва кўп асрлик диний, маданий алмашинув анъаналари бирлаштиради. Ўзаро ишонч ва тушуниш муҳитини яратадиган бу ҳолат, айниқса, мавжуд ҳамкорликнинг гуманитар жиҳати учун муҳим.
Шу нуқтаи назрдан, истиқболли маданий-гуманитар йўналиш академик алмашинувни кенгайтириш, қўшма таълим дастурлари ва талабалар учун стипендиялар ажратиш, умумий тарихий-маданий меросга бағишланган фестиваль, кўргазма ва конференциялар ўтказиш, исломшунослик, илоҳиётшунослик, тарих ва археология соҳаларидаги ҳамкорлик, соғлиқни сақлаш тизимида қўшма тиббий дастурларни биргаликда амалга ошириш, телетиббиёт соҳасида тажриба алмашиш лойиҳаларини ўз ичига олган.
Масалан, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг стратегик масалалар бўйича маслаҳатчиси Сардор Умурзоқов ва Жаҳон ислом илми университети Васийлар кенгаши раиси Амир Ғозий иштирокида Ўзбекистон Исломшунослик Академияси ва мазкур университет ўртасида илмий-академик ва маданий ҳамкорликни кучайтириш, ўзаро тажриба ва илмий тадқиқотлар алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжатни Академиямиз ректори Муззаффар Кoмилов ва мезбон олий таълим муассаса ректори Жафар Фанатсо имзолади.
Томонлар келишувни Иордания ва Ўзбекистон университетлари ҳамда академик муассасалари шериклигини кучайтиришга қаратилган муҳим тадбир сифатида эътироф этдилар. Ушбу битим таълим ва тадқиқот жараёни ривожига хизмат қилади, маданий ва маънавий алмашинув қадриятларини мустаҳкамлайди.
Учрашув якунида икки давлатни боғлаб турган чуқур алоқалар яна бир бор таъкидланди, икки дўст халқ манфаатига хизмат қиладиган умумий ташаббус ва лойиҳаларни кўпайтиришга умид билдирилди.
Аввалроқ, яъни сентябрь ойида Иорданияга республикамизнинг олий таълим ва диний соҳа вакиллари ташриф буюрган эди. Охирги икки йилдаги учинчи сафар ҳисобланган бу ташриф қатор самарали битимлар имзолангани билан аҳамиятли.
Жумладан, Жаҳон ислом илми университети ва диний таълим муассасалари ўртасида имзоланган меморандумга кўра, ўрта махсус ислом билим юртлари талабаларига муайян қулайликлар яратилган.
Хусусан, мадраса талабалари дипломи мазкур университетда тан олинади ва бакалавр босқичини нисбатан қисқа муддатда ўқиб тугатиш имкониятини юзага чиқаради.
Мулоқот давомида умумий маънавий меросни ўрганиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат исломшунослик марказлари ва институтлари шериклигини мустаҳкамлаш масалалари ҳам кўтарилди. Томонлар бағрикенг ва маърифатли ислом ғояларини биргаликда илгари суриш зарурлиги борасида якдил фикрга келдилар.
Иорданиядаги Жаҳон ислом илми университети ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти, Имом Термизий номидаги ислом институти, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Ушбу араб давлати билан мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорлик натижаси ўлароқ, энди ёшларимиз шу университетда имтиёзли таълим олиши имконияти очилди.
– Иорданияда таҳсил олишда бирор мушкулликка дуч келдингизми?
– Бирор қийинчиликка дуч келдим, десам унчалик тўғри бўлмас. Сабаби, хушмуомала ва самимий бу халқ мушкул аҳволда қолган инсонни кўрса, албатта ёрдам беради. Бакалаврда ўқиб юрган чоғим мени энг қувонтиргани, факультетимизнинг аксарият дарсликлари Мовароуннаҳрдан чиққан уламолар битган китоблардан иборат. Хусусан, Насафий, Фақиҳ имом Бухорий ёзган асарлар асосида сабоқ олдик.
– Ушбу мамлакатнинг сизда чуқур таассурот қолдирган жиҳати билан ўртоқлашсангиз?
– Бу юртнинг тарихий обидалари алоҳида мавзу. Меъморчилиги ва тасвирий санъати жуда қадимий. Табиати ҳам гўзал бу ўлканинг Қизил денгиз ювиб турадиган порт шаҳри – Ақаба ҳам ўзгача, жуда чиройли. Сўнгги палеолит даврига оид Килва қояларидаги суратлар, неолит асрида хом ғиштдан қурилган уйлар ва тош истеҳкомлар қолдиқлари, энеолит ва жез даврига доир ёдгорликлар – тош сағаналар, гувала уйлар, қадимий иншоотлар, тоштарошлик, сопол ва зеб-зийнат буюмлари сақланган.
Эрамиздан аввалги IX асрга оид меъморий ва тасвирий санъат ёдгорликлари ушбу заминга Миср, Бобил, Оссурия маданияти сезиларли таъсир кўрсатганини англатади. Рим ҳукмронлигидан қолган улуғвор эҳром, театрлар, Византия даврига мансуб черков, монастир, кошинкорлик санъати парчалари, Мшатта, Ҳирбат Ал-Мафжар, Қусайр-Амра каби ҳашаматли саройлар кишини узоқ ўтмиш сари етаклайди.
– Келажакдаги мақсадингиз?
Магистратура босқичини тугаллаб, илмий изланиш олиб бориш ниятидаман. Уч йилдан буён Иорданияда ўқиш истагини билдирган ҳамюрт талабаларга ёрдам бериб келяпман. Журналистикага қизиқаман. Иордания ва Ўзбекистон муносабатларига оид янгиликлар ёзиб, матбуотга бериб тураман. Жаҳон ислом илми университети сайтини юритаман. Илмий ишимни шу масканда давом эттирмоқчиман.
ЎзА, Муҳаррама Пирматова