Россия-Украина
Яна ҳайкал ағдарилди...
Япония мудофаа вазири Ясукадзу Хамаданинг украиналик ҳамкасби Владимир Гаврилов билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
“Япония томони озодлик ва ватан ҳимояси йўлидаги курашда Украинага кераклича дастак беришга тайёр”, деб берган баёнотини “NHK” телеканали келтиради.
Аввалроқ Япония Бош вазири Фумио Кисида Киевга қўшимча равишда 5,5 миллиард доллар ёрдам маблағи ажратилганини маълум қилган эди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Ван Вэньбиннинг маълум қилишича, ХХР раҳбари Си Цзиньпин Россия Президенти Владимир Путин билан учрашгандан кейин Украина етакчиси Владимир Зеленский билан мулоқот қилиши мумкин.
“Ҳар иккала мулоқот онлайн тарзида ташкил этилиши мумкин”, деб қўшимча қилди у.
АҚШ собиқ Президенти Дональд Трамп “Fox News” телеканалига суҳбатда унинг 2024 йилдаги сайловларда ғалаба қозонганидан кейин Украинага ёрдам кўрсатиш ҳажмини Президент Путин билан мулоқотдан кейин белгилашини айтган.
Саудия Арабистони халқаро ҳамжамиятнинг Украина атрофидаги зиддиятни ҳал этишга бўлган турли интилишларни қўллаб-қувватлайди, деди Подшоҳлик ахборот вазири Салмон бин Юсуф Ад-Даусари.
МАГАТЭ Бош директори Рафаэль Гросси Россиянинг у бошқараётган халқаро ташкилотдаги ролини қисқартириш тўғрисидаги таклифларга жавоб бериб, “бундай қилишда унинг ваколати етмаслигини” айтган.
Бош директорнинг баёнотига кўра, Запорожье АЭС атрофида хавфсизлик зонаси ташкил этиш учун ҳаракатни тўхтатмаяпти.
Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва можаро туфайли Россия ва Украинага ташриф билан боролмаслигини билдирди.
Қўшма Штатлар маъмурияти Польшага “МиГ-29” учоқларини сотиш бўйича мулоқотлар олиб бормаган. Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашидаги стратегик коммуникациялар бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби маълум қилган.
Аввалроқ Ғарб матбуоти Варшава Вашингтондан қирувчи самолётлар сотиб олиб, Украинага етказиб бермоқчи, деган хабарлар тарқалган эди.
Словакия ҳукумати яқин орада Украинага қирувчи “МиГ-29”ни етказиб бериш бўйича қарор қабул қилади, деб маълум қилди мамлакат Мудофаа вазири Ярослав Надяга таяниб, “TASR” агентлиги.
“Учоқлар парламентдан розилик олинмасдан юборилмайди”, деб қўшимча қилди вазир.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушўғлу телефон мулоқоти чоғида Украинанинг дон шартномасини муҳокама қилишди, деб хабар берди ТИВ матбуот хизмати.
Украинанинг Харьков вилояти ҳокимиятининг хабар беришича, совет қўмондони, собиқ иттифоқ маршали Василий Блюхернинг ҳайкали олиб ташланган.
“KHARKIV Today” нашрига кўра, қўмондон 1928-1929 йилларда Харьков марказида яшаган.
Аброр ХОН, ЎзА