Олий суд “Гулистон агро файз“ фермер хўжалиги ерини қайтариб берди
Олий суд “Гулистон агро файз“ фермер хўжалиги ерини қайтариб берди
ЎзА танқидидан сўнг...
Агентлик сайтида жорий йил 19 сентябрь куни “Судлар шундай деб турса, яна қаерга борайин?!” номли мақола эълон қилинган эди.
Ушбу мақолада Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги “Гулистон агро файз” фермер хўжалиги намунали, кўп тармоқли хўжаликлардан бири экани, хўжалик ер майдони туманда кластер ташкил этилиши муносабати билан жорий йил апрель ойида туман ҳокимлиги томонидан ноқонуний тарзда олиб қўйилгани баён қилинганди.
Шунингдек, мазкур фермер хўжалиги раҳбари А.Турсунхоновнинг фермерлик ҳуқуқларини тиклаб беришни сўраб қилган мурожаати Маъмурий ишлар бўйича Қуйи Чирчиқ тумани ва Тошкент вилояти суди томонидан рад этилгани, аслида фермер билан тузилган шартномани бекор қилиш ва шу асосда хўжалик ер майдонини ҳокимлик захирасига олиш тартиби бузилгани, бу борада қонунчилигимизда белгиланган талаблар бўйича атрофлича фикр юритилган эди.
“Гулистон агро файз” фермер хўжалиги раҳбари А.Турсунхоновнинг мазкур суд қарорларидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Олий Судига назорат тартибида ёзган шикояти 8 ноябрь куни Олий суд Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилди.
Очиқ суд мажлисида Маъмурий ишлар бўйича туман ва вилоят судлари қарорлари, шунингдек, Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими қарорининг “Гулистон агро файз” фермер хўжалиги ер майдонини захирага олишга оид қисми бекор қилиниб, фермернинг аризаси қаноатлантирилди.
Ҳа, бироз кечикиб бўлса-да, фермернинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, адолат қарор топди. Ҳолатга оид ҳар икки суд жараёни – жорий йил 6 август куни ўтказилган Маъмурий ишлар бўйича вилоят суди ҳамда 8 ноябрдаги Олий суд Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг суд жараёни иштирокчиси сифатида мени бир нарса таажжубга солди. Судларда битта иш – “Гулистон агро файз” фермер хўжалигининг ер майдони олиб қўйилиши билан боғлиқ ҳолат кўриб чиқилди. Ажабланарли томони, мазкур судлар томонидан қабул қилинган қарорлар бир-бирига зид бўлди.
Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан судларнинг мустақиллиги, очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг самараси ҳаётимизда ўз аксини топаётгани боис тафсилотларга ортиқча тўхталиб ўтиришнинг ҳожати йўқ, албатта. Модомики шундай экан, ҳуқуқи бузилган фуқаро, тадбиркор ёки фермер қачонгача Олий судга чопиши керак?