Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЎзА“COVID-19”: Биздаку аҳвол жиддий, қўшниларда ҳам яхши эмас
16:02 / 2020-07-08

Кеча Қирғиз Республикасида “COVID-19”га чалинганлар 345 кишини ташкил этди, 13 киши офат қурбони бўлди.


Кеча Қирғиз Республикасида “COVID-19”га чалинганлар 345 кишини ташкил этди, 13 киши офат қурбони бўлди.

"2020 йил 7 июлда республикада 345 киши “СOVID-19” инфекцияси билан рўйхатга олинган, уларнинг 183 нафари Бишкек шаҳрига тўғри келмоқда", – деб маълум қилди коронавирус пандемиясига қарши кураш штаби вакили.

Хабарда айтилишича, коронавирусга чалинганларнинг 62 нафари шифокорлардир. Умуман, мамлакатда ҳозиргача жами 1 минг 287 шифокор инфекция юқтириб олган.

Айни пайтда Қирғиз Республикасида коронавирус билан касалланганлар сони 8 минг 486 кишини ташкил этмоқда, 112 киши қурбон бўлди.

“COVID-19” билан боғлиқ вазият Қозоғистонда ҳам яхшиланмаяпти. Ўтган кунда 1 минг 376 та янги бемор аниқланган. Ҳозирга келиб коронавирусга чалинганлар сони мамлакат бўйича жами 51 минг 59 нафарга етди, деб маълум қилди коронавирусга қарши кураш бўйича идоралараро комиссия.

Қозоғистонда пандемия балоси, айниқса, Атиров (264) ва Қарағанда (184) вилоятларида кўп учрамоқда, шунингдек, Олмаотада (143) ҳам аҳвол ёмонлигича қолмоқда. Шу боис Қозоғистон ҳукумати мамлакатда қайтадан карантин тартиби ўрнатишини эълон қилди.

Яна бир қўшнимиз Тожикистонда аҳвол бироз ўнглангандай бўляпти, лекин хотиржам бўлишга ҳали эрта. «Ховар» ахборот агентлигининг маълум қилишича, ўтган куни мамлакатда яна 53 киши вирус юқтиргани аниқланган.

Мамлакатда “COVID-19” инфекциясига чалинганлар сони 6 минг 315 кишига етган. Беморларнинг 78 фоизи тузалган. Афсуски, қурбонлар ҳам оз эмас. Пандемия ҳозиргача Тожикистонда 53 кишининг ёстиғини қуритди.

Тожикистон ҳукумати ва республика соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш учун барча чораларни кўрмоқда. Айни пайтда мамлакатда 85 та касалхонада 7,5 минг врач ҳамда 25 минг нафар ҳамшира коронавирусга чалинган беморларни даволашга жалб қилинган.

Бундан ташқари, яна 7 минг 600 нафар врач ва 24 мингдан зиёд ҳамшира-санитар ходимлар касалликни аниқлаш, олдини олиш ва аҳолига бирламчи ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ ишларга сафарбар қилинган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Афғонистонда “COVID-19” билан касалланганлар сони 33 минг 594 кишидан ошиб кетган, қурбонлар мингга яқинлашмоқда.

Халқаро инсонпарварлик ташкилотлари баёнотига кўра, Афғонистон гуманитар ҳалокат ёқасида турибди. Мамлакатдаги коронавирус ҳолатларининг 80 фоизини текшириш имконияти мавжуд эмас. Тест ўтказиш жуда паст даражада экани инобатга олинса, аҳвол янада жиддийлиги ойдинлашади.

Охирги кунларда Россияда ҳам касалланиш ҳолатлари кескин ошгани айтилмоқда. Москвадаги тезкор штаб тelegram-каналида маълум қилинишича, ўтган бир кунда Россияда 6 минг 562 киши инфекция билан рўйхатга олинган. Россияда ҳозиргача коронавирусга чалинганлар сони 700 минг 792 кишига етган.

Хуллас, бу рақамлар барчани яна бир бор ҳушёрликка чорлайди. Чунки коронавирус билан боғлиқ воқеалар ривожини таҳлил қиладиган бўлсак, бу борада бирор-бир мамлакат муваффақиятга эришган бўлса, бу ерда фуқаролар тартибли эканини, ҳукумат ва шифокорлар кўрсатмаларига қатъий амал қилаётганини кўрамиз. Тартиб бор жойда коронавирус тарқалишини назорат қилиш анча осон кечишини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.