Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дипломи тўғридан-тўғри ёки синовларсиз тан олинади, дейилган хорижий ОТМ танлашда адашманг!​
15:25 / 2020-01-05

Ушбу вазият юзасидан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев аниқлик киритади.


Ўтган ойда Ўзбекистонда олий таълим муассасаси сифатида фаолият кўрсатиш ҳуқуқи эга бўлмаган ташкилотлари ҳақида хабар берилганидан сўнг, бир қатор Россия Федерация ОТМлари ва юртимиздаги консалтинг ташкилотлари томонидан ушбу хабарга эътирозли муносабат билдирилди. Ушбу вазият юзасидан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев аниқлик киритади. 

– Ёшларимизнинг олий таълим олишга бўлган иштиёқи жуда юқори. Уларга имкон яратиш мақсадида Президент ташаббуслари билан жорий йилда республикамизда бир қатор хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари очилди ҳамда ОТМларимизда хорижий университетлар билан ҳамкорликда қўшма дастурлар, факультетлар ташкил этилди. 

Бундан ташқари, хорижий ОТМлар томонидан берилган дипломларни тан олиш тартиби соддалаштирилди. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Россия Федерацияси ҳукумати ўртасида таълим, малака ва илмий даражаларни ўзаро тан олиш тўғрисида битим имзоланди. 

Республикамиздаги нодавлат таълим ташкилотларига лицензиялар бериш ҳамда хорижий мамлакатларда берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ишларини ташкил этиш инспекциямиз асосий вазифаларига киради. Шу сабабли ёшларимиз дипломи тўғридан-тўғри ёки синовларсиз тан олинадиган ОТМ танлашда адашмаслик учун инспекциямизга мурожаат қилишади. Сўнги ойларда ушбу мурожаатлар сони кескин ошиб кетди ва фуқароларни энг қизиқтирган саволларга жавобларни эълон қилиб бордик. 

Хорижий ОТМнинг дипломи Ўзбекистонда тан олиниши учун ушбу муассаса ўз давлатида олий таълим муассасаси сифатида давлат аккредитациясидан ўтган бўлиши лозим, агар муассаса ушбу жараёндан ўтмаган бўлса, унинг дипломи ўша давлатнинг ўзида ҳам тан олинмайди. Айрим консалтинг ташкилотлари ўзлари ҳамкорлик қиладиган хорижий ОТМга кўпроқ одам жалб қилиш орқали кўпроқ даромад кўриш мақсадида унинг Ўзбекистон филиали очилди ёки унинг дипломи юртимизда тўғридан-тўғри тан олинади дея тарғибот ишларини амалга оширишган.

Бундан ташқари, бизга қўшни бўлган давлатларнинг чегарага яқин ҳудудларида ОТМ очиб, кам маблағ эвазига ўқитамиз, Ўзбекистонга ҳеч қандай синовларсиз кўчириб ўтасиз ёки дипломимиз тўғридан-тўғри тан олинади деб тарғибот қилишмоқда.

Тушунарли бўлиши учун бу вазиятни уч хил ҳолатга бўлиб изоҳлаб ўтаман:

Биринчи ҳолатда, консалтинг ташкилотлари тарғиб қилаётган айрим хорижий ОТМлари ўз давлатида аккредитацияси йўқ ва Ўзбекистон ҳудудида ҳам фаолият кўрсатиш учун лицензия ҳам олмаган.

Иккинчи ҳолатда, ўз давлатида аккредитацияланган бўлса-да, таълим шаклини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилмаган таълим шаклида олиб бориш таклиф этилмоқда. Бу ҳолатда уларнинг дипломи тан олинмайди. Масалан, ихтиёрий бир хорижий давлатдаги аккредитацияси бор олий таълим муассасаси Ўзбекистонлик ёшларга масофадан ўқиш ёки сиртқи шаклда 3 йил ҳажмда олий таълим бериш таклифини консалтинг ташкилотлари ёки интернет тармоғи орқали бермоқда, натижада юртдошларимиз бу таклифга рози бўлиб пулларини бермоқда. Бундай шаклда ўқиб тугатгандан кейин олинган дипломи Ўзбекистонда магистратурани давом эттириш ёки ишлаш учун тан олишда муаммоларга дуч келади.

Учинчи ҳолат консалтинг ташкилоти ёки ўқув маркази сифатида лицензияси бўлган айрим ташкилотлар фуқароларга ўзини хорижий ОТМ филиали сифатида таништириш орқали кўпроқ мижозларни жалб қилишга интилишини кўрсатиш мумкин. Яъни ушбу ташкилотнинг ОТМ сифатида диплом беришга ҳуқуқи йўқ, улар фақат ОТМга тайёргарлик кўришга ёки ҳужжат тайёрлашга кўмаклаша олади.

Шунинг учун, фуқароларимиздан хорижий олий таълим муассасасини ташлашда уни олий таълим муассасаси сифатида давлат аккредитациядан ўтганлиги, ушбу фаолият тури учун лицензияси борлиги ҳамда таълим Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган таълим шаклларида олиб борилишига эътибор қаратишлари лозим.

Айнан Россия олий таълим муассасаларига келадиган бўлсак, бу ерда халқаро даражада сифатли таълим бериладиган университет ва институтлар талайгина, уларни тугатган ёшларимиз малакали мутахассис бўлиб юртимизга қайтиб ишлашлари учун шароит яратилди. Бундан ташқари, Россия ОТМларининг филиаллари, қўшма факультетлар очилди. Илғор тажрибаларни ўрганиш, юртимизда таълим сифатини ошириш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилинмоқда.

Айрим ташкилотлар Россия олий таълим муассасаси деган номдан фойдаланиб, ёшларимизни чалғитиб пул топишга интилмоқда. Россия Федерациясининг Фан ва таълим соҳасини назорат қилиш федерал хизмати (Рособрнадзор) маълумотларига кўра, 2013 йилгача Россияда ОТМлари сони 2,5 мингдан ошиб кетган, шундан 500 таси нодавлат олий таълим муассасалари бўлган. 

Таълим сифати учун қаттиқ кураш бошлаганидан кейин уларнинг сони деярли ярмига қисқарган. Ушбу жараёнда аккредитациясидан айрилган ОТМларнинг юртимизда тарғибот қилиб, ёшларимизни жалб қилишига йўл қўйиб бўлмайди. Ҳозирда мазкур масала бўйича Россия Федерациясининг Фан ва таълим соҳасини назорат қилиш федерал хизмати (Рособрнадзор) билан ҳамкорлик қилмоқдамиз.