Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юзлаб оилаларга байрам совғалари улашилди
15:24 / 2022-12-26

Фарғона вилоятида Янги йил байрами арафасида ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиниб, меҳр-мурувват кўрсатилмоқда.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Фарғона туман бўлинмаси ташаббуси билан ижтимоий муҳофазага муҳтож, кам таъминланган, ногиронлиги бор оилалар йўқланди, байрам совғалари улашилди. “Юқори арча” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи уч нафар фарзанднинг онаси Келсиной Каримова қандли диабет касаллига чалинган, ўнг оёғи ампутация қилингани боис ҳаракатланишда қийинчиликларга дуч келаётган эди.  

Хонадонга келган маҳалла фаоллари томонидан ногиронлик араваси ва озиқ–овқат маҳсулотлари берилди. 2009 йилда туғилган Абдурасул Ғоипов бир неча йилдирки, юрак хасталиги билан курашиб келади. Ота-онаси ишсиз. Кам таъминланган, эҳтиёжманд оила. Онаси “Аёллар дафтари”да туради. Янги йил байрами олдидан бу хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.  

– Меҳр-мурувватнинг катта-кичиги бўлмайди, – дейди “Пастки арча” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Иродахон Абдуллаева. – Шукурки, маҳалла фаоллари, жамоатчилик тез-тез хабар олиб турибди. Янги йил байрами кунларида саховатли кишиларнинг уйимизга келиши кўнглимизни кўтарди. Ҳаммаларига раҳмат.  

Анваржон Исоқов нафақага чиққунга қадар ҳайдовчилик қилган. Оиласида 6 киши яшайди, ўзи бемор. Кам таъминланган, эҳтиёжманд оила. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бу оилага ҳам байрам совғалари улашди.  

– Жорий йилнинг шу кунига қадар “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун 655 миллион 156 минг 400 сўм маблағ ажратилди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Фарғона тумани бўлинмаси раиси Орифжон Шабиров. – Кўлами кенг эзгу ишлар йилдан йилга бардавом бўлиб бормоқда.

  

Маълумот ўрнида айтганда, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти бўлим бошқаруви ҳамда шаҳар-туман бўлимлари қошидаги “Саховат ва кўмак” жамғармалари ҳисобидан шу кунга қадар 30 минг 610 нафар эҳтиёжманд оилалар, 9 минг 743 нафар “Темир дафтар” ҳамда “Аёллар дафтари”даги 1 минг 89 нафар фуқароларга 27 миллиард 278 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди.  

М.Сулаймонов,  

ЎзА