Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юзга яқин стартап лойиҳалари молиялаштирилган
12:36 / 2021-12-21

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, молиялаштириш ишлари юзасидан маълумот берилди.

Қайд этилишича, молиялаштирилган стартап лойиҳаларнинг иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари кесимидаги улуши соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича 18,7 миллиард сўмлик 20 та, ахборот технологиялари соҳаси бўйича 15,7 миллиард сўмлик 19 та, қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича 15,2 миллиард сўмлик 23 та, транспорт ва энергетика соҳаси бўйича 10,2 миллиард cўмлик 12 та, қурилиш соҳаси бўйича 4,9 миллиард сўмлик 7 та, озиқ-овқат соҳаси бўйича 3,3 миллиард cўмлик 5 та, бошқа соҳа-тармоқлар бўйича 5,8 миллиард сўмлик 8 та лойиҳани ташкил қилмоқда. Мазкур стартап лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида жами 778 та янги ишчи ўрни яратилиши режалаштирилган.

Стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида биргина жорий  йил давомида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан жами 5 та танлов эълон қилинди. Уларнинг 2 таси Россия Федерацияси Инновацияларни рағбатлантириш жамғармаси ҳамда Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган қўшма танловлардир. Ҳозирда Қашқадарё вилоятида стартап лойиҳалар танлови ҳамда Инновацион ҳудудлар муаммолари ечимига қаратилган стартап лойиҳалар танлови давом этмоқда.

Ҳозирда инновацион ҳудудлардаги муаммолар ечимига қаратилган 17 миллиард сўмга тенг 25 та стартап лойиҳа давлат грантлари ҳисобидан молиялаштирилган. Натижада экспортбоб ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилди, 286 та янги ишчи ўрни яратилади.

Стартап экотизимини ривожлантиришда, даставвал ёшлар онгида “стартап” маданиятини шакллантириш ва кенг тарғиб этиш ишлари амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳрида, вилоятлардаги таълим муассасаларида амалий семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Хусусан “Теchnoways” технологик марафонлари орқали стартап маданияти тарғиботлари олиб борилди.

Шу билан бирга, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ёшларни илмий ва инновацион фаолиятга жалб этишнинг самарали механизмларини жорий қилиш ва улар ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳудудларда илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, илм-фанга кенг жалб қилиш, нуфузли илмий мактабларни шакллантириш, уларнинг илмий салоҳиятини ошириш, соддалаштирилган тартибда ёшларнинг илмий ва стартап лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида умумий қиймати 50 миллиард сўм “Академик ҳаракатчанлик” ва “Бўлажак олим” танловларига эълон қилинди.

2021 йилнинг май ойидан бошлаб илмий фаолиятга оид давлат дастурлари маблағлари доирасида “Бўлажак олим” танлови доирасида илмий ғоя ва стартап лойиҳалар бўйича таклифлар қабул қилиш бўйича эълон берилди. Танлов якунларига кўра стартап лойиҳалар бўйича 150 та ариза қабул қилинди. Техник ва молиявий экспертиза якунлари бўйича 25 та стартап лойиҳа умумий қиймати 8,4 миллиард сўмга молиялаштирилди. “Бўлажак олим”  танлови доирасида эълон қилинган илмий ғоялар танлови бўйича умумий қиймати 3,2 миллиард сўм бўлган 49 та илмий ғоя эгаларини рағбатлантириш бўйича қарор қабул қилинди.

Шунингдек, Ёшлар академияси томонидан “Қишлоқ хўжалигида ёшларнинг инновацион лойиҳалари” танлови ташкил этилди, ушбу танлов якунида 10 та лойиҳа умумий қиймати 467 миллион сўм билан рағбатлантирилди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА