Мана беш йилдан зиёд вақт мобайнида тиббиёт соҳасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Малакали кадрлар тайёрлаш, соҳа ходимларининг малакасини ошириш, кадрлар тақчиллигини бартараф этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.Тиббиёт ходимларининг чет элда малака ошириши, стажировка ўташи ва таълим олиши учун кенг шароитлар яратиб берилмоқда.
Айни кунларда Тошкент давлат стоматология институтининг 4 нафар ёш юз-жағ жарроҳи Корея республикасида малака оширмоқда. Дунёда нуфузли ҳисобланган топ-100 таликка кирувчи (дунё тан олувчи QS рейтингда 97 ўринда) Кореянинг Sungyunkwan университети қошидаги “Seoul Medical Center” мутахассислари тажрибасини ўрганмоқда.
Сафар жараёнида ёш жарроҳлар тиббиёт соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлабгина қолмай, тиббиёт ОТМлари фаолияти, ўқув жараёнлари билан танишмоқда.
Шунингдек, улар куни кеча Сеул шаҳрида жойлашган Samsung тиббиёт марказида амалга оширилган мураккаб жарроҳлик амалиётларида иштирок этди. Яъни биринчи босқичда пастки жағ резекцияси, сўнгра фибула ва титан пластиналар орқали пастки жағ узлуксизлигини тиклаш амалиёти бажарилди. Иккинчи босқичда титан пластиналарни олиш, учинчи босқичда эса имплантация ёрдамида беморни реабилитация қилиш амалиётларида қатнашди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА