Мамлакатимизда аҳоли сонининг ўсиб бораётгани, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш ва шу орқали аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида кўплаб замонавий, янги саноат корхоналарининг пайдо бўлаётгани, табиийки, электр энергиясига бўлган талабни ҳам оширмоқда.
Тараққиёт йўлидан дадил одимлаётган янги Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар қаторида миллий иқтисодиётимизнинг муҳим қувват манбаи ҳисобланган гидроэнергетика тармоғи ҳам изчил ривожланмоқда.
Бу борада, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан янги ГЭСлар барпо этилмоқда ҳамда инвестициявий лойиҳалар доирасида узоқ йиллардан буён фойдаланиб келинаётган, ўзининг ўрнатилган электр энергия ишлаб чиқариш қувватларини йўқотган ГЭСлар модернизация қилиниб, янги самарадор қувватлар ўрнатилмоқда.


Мустақилликнинг 32 йиллиги арафасида “Тошкент ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги юз ёшга тенг “Бўзсув ГЭС -1” модернизациядан сўнг, янгиланган энергетик қувватда ишга туширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ижро аппарати раҳбари Суҳроб Ҳамроев, Юнусобод тумани ҳокими Баҳодир Абдувалиев, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, ҳамкор хорижий компаниялар масъуллари, гидроэнергетик муҳандислар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

“Бўзсув ГЭС – 1”нинг аввалги ўрнатилган қуввати 4 МВт (4 та гидроагрегат) бўлган бўлса-да, узоқ йиллар давомида эксплуатация қилинмагани сабабли қуввати пасайиб қолган эди. Модернизация ишлари якунига етказилгандан кейин ГЭСнинг энергетик қуввати 6 МВт (2 та замонавий гидроагрегат)га етказилди. Янгиланган ГЭС йилига ўртача 44,4 миллион кВт.соат электр энергиясини ишлаб чиқаради.
МАЪЛУМОТ УЧУН: Ўзбекистонда бунёд этилган биринчи гидроэлектр станция — "Бўзсув ГЭС - 1" ҳисобланади. Мазкур ГЭС Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган. Унинг қурилиши 1923 йилда бошланган. Бўзсув ГЭСнинг қурилиши (1923-1926 йй.) халқ ҳашари билан амалга оширилган.
ЎзА