Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юз нафар хотин-қиз ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди
16:24 / 2022-08-23

Андижон вилоятининг Избоскан ва Бўстон туманларида халқаро лойиҳа доирасида 100 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди.

“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ва бир қатор бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида COVID-19 нинг Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида яшовчи ҳимояга муҳтож аёллари ва ёшларга таъсирини юмшатиш ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш учун ННТларнинг институционал ва ташкилий салоҳиятини мустаҳкамлаш лойиҳаси доирасида Андижон вилоятининг Избоскан ва Бўстон туманларида “Чойхона” Қишлоқ ахборот-ресурс марказлари”, марказ қошида эса қисқа муддатли касбий-кўникма курслари ташкил этилди.  

Избоскан туманидаги Касб-ҳунар мактаби, Бўстон туманидаги Маҳаллий ривожланиш маркази биноларида ташкил этилган марказлар зарур жиҳоз ва адабиётлар билан таъминланди. 

– Лойиҳанинг асосий мақсади ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлашга қаратилган, – дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Андижон вилояти бўлими раҳбари Наргиза Мирзалиева. – Яъни касб-ҳунарга ўқитиш орқали уларни тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлашга, ўзларининг даромад манбаларини шакллантиришга кўмаклашишдан иборат. Ушбу курсларда лойиҳа давомида Избоскан туманидан 355 нафар, Бўстон туманидан 150 нафар ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қиз бичиш ва тикиш, қандолатчилик, сартарошлик иши, миллий ҳунармандчилик, каштачилик, компьютер саводхонлиги каби етти йўналиш бўйича касбларга ўқитилди. 

Курс машғулотларида таҳсил олган хотин-қизларга тадбиркорликни йўлга қўйиш, самарали иш юритиш, бозор муносабатларига мослашиш, бизнес-лойиҳалар тузиш бўйича билим ва кўникмалар берилди. Бундан ташқари, улар зарур ахборот ресурслари билан таъминланди. Лойиҳа доирасидаги ўқув курсларни муваффақиятли тамомлаган, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагидаги 100 нафар хотин-қизга 308 миллион 840 минг сўм миқдорида маблағ ажратилди. Ажратилган маблағ ҳисобидан уларга тикув машиналари, маиший техника воситалари ва бошқа зарур жиҳозлар олиб берилди. Натижада юз нафар хотин-қиз тикувчилик, қандолатчилик, сартарошлик, қуёнчилик, иссиқхона йўналишларида ўз тадбиркорлигини бошлаб, самарали фаолият юритмоқда.  

Умуман, “Тадбиркор аёл” ассоциацияси Андижон вилояти бўлинмаси ҳамда қатор ташкилотлар томонидан амалга оширилган мазкур лойиҳа хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишига яқиндан ёрдам берди.  
 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ  
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА