Гулистон туманида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан туман ҳокими Олимжон Жўраев юз билан юзлашган, юздан ошган бувижонларнинг ҳолидан хабар олиб, уларга алоҳида ҳурмат кўрсатди.
Ташриф давомида нуроний онахонлар билан самимий суҳбатлар олиб борилди. Улар ўз ҳаёти, оилавий тарбия ва меҳнат йўли ҳақида сўзлаб беришди. Хусусан, 102 ёшли Ҳалима онахон ҳали ҳам маҳалладаги ёшларни кузатиб, улар тарбиясида фаол иштирок этаётганини маълум қилди.

– Туманимизда юз билан юзлашган 15 га яқин, юздан ошган 3 нафар бувижонимиз бор. Улар ҳаётий тажрибаси ва дуоси билан жамиятимиз учун қимматли хазинадир. Биз ҳар доим бу кексаларимизнинг ҳаётий сабоқларидан хулоса чиқаришга, уларнинг қимматли панд-насиҳатларидан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Муҳими, байрам арафасида уларни эътибордан четда қолдирмаслик, уларга ўз ҳурматимизни кўрсатиш — улар учун янада далда ва қувонч бўлади, – дейди Олимжон Жўраев учрашув давомида.

Ташриф давомида бувижонларнинг жасоратли меҳнат йўли, оилавий ва жамиятдаги фаоллиги алоҳида таъкидланди. Улар нафақат ўз оиласи, балки маҳалла аҳли учун ҳам намуна ҳисобланади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири