English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юй ЦЗЮНЬ: “Хитой ва Ўзбекистон модернизация жараёнида ўхшаш йўлни босиб ўтмоқда”
11:21 / 2025-12-19

Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги тараққиёт йўлининг стратегик аҳамияти ҳамда Ўзбекистон – Хитой муносабатларининг бугунги юксак даражаси ҳақида фикр билдирди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков билан учрашган элчи Юй Цзюнь мамлакатни модернизация қилишда миллий воқеликка таяниш, инсон манфаатларини устувор қўйиш ва очиқ, ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган ёндашувни Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омиллари сифатида таъкидлаб, икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг истиқболларига алоҳида эътибор қаратди.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсати доно ва кучли. Кўриб турибмиз, ўз халқини чин дилдан севади. Шунинг учун аҳолини ташвишга солаётган барча масалаларни, биринчи навбатда, таълим, бандлик, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот соҳаларини ҳал этиш бўйича амалий қадамлар қўймоқда, – деди элчи Юй Цзюнь. – Муҳтарам Президент давлат бошқарувида узоқни кўзловчи стратегик қарашларга эга. У мамлакатнинг узоқ истиқболдаги барқарорлиги ва изчил ривожланишини инобатга олган ҳолда сиёсатни шакллантирди. Саъй-ҳаракатлари билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси дунё юзини кўрди ва муваффақиятли амалга оширилмоқда.

 Миллий қадриятларни шакллантириш ва бойитишга катта эътибор қаратиб, анъанавий маданиятни ривожлантириш ва халқни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун улкан саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Шунингдек, минтақада яхши қўшничилик ва дўстликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда ҳамда халқаро майдонда қатор конструктив ташаббусларни илгари суриб, минтақавий ва глобал бошқарувни такомиллаштиришни барча саъй-ҳаракатлари билан қўллаб-қувватламоқда. 

Иккинчидан, Ўзбекистон иқтисодиёти тобора очиқ ва энергияга тўла бўлиб бормоқда. Президент Шавкат Мирзиёев сиёсати ўзининг аниқ натижаларини берди. Ишбилармонлик муҳитининг яхшиланиши тобора кўпроқ хорижий инвестицияларни жалб қилмоқда. Ялпи ички маҳсулотнинг барқарор ўсиши кузатилди ва бу жорий йилда катта эҳтимол билан 140 миллиард доллардан ошиши мумкин. Шунингдек, аҳолининг турмуш даражаси изчил ўсиб, камбағаллик чегарасидан пастда яшовчи аҳоли улуши 17 фоиздан тахминан 6 фоизга камайди. 

Президент Шавкат Мирзиёев ҳақли равишда Ўзбекистондаги ислоҳотлар даврининг бош меъмори ҳисобланади. У ўзига хос етакчилик ва шахсий фазилатларга эга бўлиб, Ўзбекистонни тўғри ва ёрқин тараққиёт йўлидан олиб бормоқда.

Учинчидан, ҳар бир мамлакат тараққиёти миллий воқеликка таяниши керак. Амалиёт шуни кўрсатадики, дунёда модернизациялашнинг ягона модели ва барча мамлакатлар учун ислоҳотларнинг универсал андозаси мавжуд эмас. Ҳар бир давлатнинг тараққиёти, энг аввало, унинг сиёсати миллий воқеликка қанчалик мос келишига, халқнинг орзу-интилишларига, замон талабларига қанчалик жавоб беришига боғлиқ. Давлат бошқарувининг самарадорлиги ҳақида эса ўз халқи ҳаммадан кўра яхшироқ хулоса чиқаради.

Таъкидлаш жоизки, Хитой ва Ўзбекистон модернизация жараёнида ўхшаш ривожланиш йўлини босиб ўтмоқда, давлат бошқаруви масалаларида умумий қарашлар мавжуд. Икки давлат ҳам очиқ, инклюзив ва ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни илгари сурган ҳолда, инсонга йўналтирилган ёндашув асосида ўзининг мустақил ва эркин ривожланиш йўлини топди.

Тўртинчидан, Хитой – Ўзбекистон муносабатлари ўз тарихидаги энг яхши даврни бошдан кечирмоқда. Кейинги йилларда Хитой ва Ўзбекистон давлат бошқаруви соҳасидаги ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпиннинг бир қатор китоблари Ўзбекистонда таржима қилиниб, нашр этилди. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу асарларнинг ўзбек тилидаги нашрларига сўзбоши ёзди. Хитой ҳар йили мингдан ортиқ ўзбекистонлик мутахассисларни турли семинар ва курсларда иштирок этиш учун таклиф қилади. Томонлар “яшил” тараққиёт, сунъий интеллект, замонавий қишлоқ хўжалиги, камбағалликни қисқартириш соҳаларида фаол тажриба алмашмоқда.

Яқинда ХХ чақириқ Хитой Коммунистик партияси Марказий Комитетининг IV пленуми муваффақиятли ўтказилиб, унда Ўн бешинчи беш йилликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Келгуси беш йилда Хитой иқтисодиёт, илм-техника ва ижтимоий соҳалардаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда давом этиб, бундан буён ҳам Ўзбекистон ва дунёнинг бошқа мамлакатлари билан ривожланиш имкониятларини баҳам кўради. “Бир макон, бир йўл” ташаббусини юқори даражада илгари суради ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги уфқларини очади.

Хитой томони Ўзбекистон билан биргаликда Ўн бешинчи беш йилликнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси билан боғлиқлигини чуқурлаштириш, икки давлатнинг биргаликда гуллаб-яшнаши ҳамда Хитой ва Ўзбекистоннинг ягона тақдир ҳамжамиятини яратишга интилиб, ўзаро ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтиришга тайёр.

ЎзА мухбири Абдулазиз РУСТАМОВ ёзиб олди.