30 август куни мамлакатимизга янги тайинланган хорижий элчилар томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлди. Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси элчиси Юй Цзюньга мурожаат қилиб, Пекин бизнинг ишончли ва вақт билан синалган дўстларимиздан бири эканини алоҳида қайд этди.
Фавқулодда ва мухтор элчи давлатимиз раҳбарининг икки томонлама муносабатлар кейинги йилларда ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилгани тўғрисида билдирган фикрларига тўлиқ қўшилишини маълум қилди.
– Тантанали маросим бизда катта таассурот қолдирди. Хитой ишончли шерик сифатида Ўзбекистонни ҳар доим қўллаб-қувватлайди. Айниқса, кейинги йилларда мамлакатингизда олиб борилаётган ислоҳотларни юксак эътироф этади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин муносабатлари икки мамлакат халқлари ҳаётида муҳим роль ўйнайди.
Шунингдек, Ўзбекистон “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси барпо этилиши бўйича Хитойнинг муҳим шериги ҳисобланади. Мамлакатларимиз ўртасида инвестиция ва замонавий технология соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тобора жадал тус олмоқда, савдо-иқтисодий, транспорт логистика, рақамли иқтисодиёт бўйича ҳамкорлик изчиллик билан ривожланмоқда.
Жаноб Президент бугун шу мустаҳкам алоқаларни янада ривожлантириш бўйича таклифларини илгари сурди. Биз эса ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун астойдил хизмат қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойида Хитой мезбонлик қиладиган “Бир макон, бир йўл” халқаро форуми доирасида олий даражадаги учрашув ўтказилиши режалаштирилган.
ЎзА мухбири Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ ёзиб олди.