Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Навоий вилояти бўлими томонидан Навоий шаҳрида жойлашган савдо шохобчаларидан бирида ювиш воситалари сифати юзасидан назорат хариди амалга оширилди.
Назорат жараёнида “Kaplya” савдо белгиси остида ишлаб чиқарилган “VOX TOMCHI” номли суюқ ювиш воситаси (олма ҳидли), шунингдек, “Barf” савдо белгили синтетик кукунли ювиш воситаси намуналаридан лаборатория таҳлиллари ўтказилди.
Ўрганишлар натижасида мазкур маҳсулотлар амалдаги стандарт талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Хусусан, маҳсулот қадоқларида стандарт белгилари, сертификатланганлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳамда фойдаланиш бўйича кўрсатмалар мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Шунингдек, лаборатория синовлари давомида фаол моддаларнинг массавий улуши белгиланган меъёрларга мос келмаслиги қайд этилди.
Аниқланган камчиликлар юзасидан савдо шохобчасига огоҳлантириш хати берилди ҳамда мазкур маҳсулотларни савдодан чиқариш бўйича тегишли тақдимнома киритилди.
Ҳамроз Баянов, ЎзА