Ака-ука Собир ва Фурқат Мусаевлар бугунги кунда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Шимолий кон бошқармасига қарашли Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отрядида меҳнат қилади.
Энг қизиғи, уларнинг иккови ҳам бир кунда – 2010 йил 19 май куни ишга қабул қилинган.

Аслида укалар акага ҳавас қилиб, унинг йўлини танлайди. Бироқ бу сафар муддатли ҳарбий хизматдан қайтган Собир укаси Фурқатнинг тавсияси билан отрядга ишга кириш учун ҳужжат топширган. Бунга ҳам 15 йил бўлибди.
– Вазифамиз Шимолий кон бошқармасида рухсатномали тартибни амалга ошириш, корхоналарда ҳамда “Довгистов” ва “Кўкпатас” саноат майдонларида товар-моддий бойликлар талон-торож қилинишининг олдини олишдан иборат, – дейди С.Мусаев. – Шунингдек, ҳамкасбларимиз махсус юкларни кузатиб боради. Мавжуд техник-муҳандислик ҳамда алоқа воситаларидан тўғри ва унумли фойдаланган ҳолда табиий офатлар, фавқулодда ҳолатлар рўй берганда тезкорлик билан ҳолатни назорат қилади.

2024 йилда Қўриқлаш отряди ходимлари ҳаракатлари билан Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги корхоналарда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан 800 га яқин тартиб бузарлик ҳолатлари аниқланиб, қарийб икки миллиард сўмлик товар моддий бойликлар талон-торож қилиниши олди олинди.
Таъкидлаш ўринлики, Шимолий кон бошқармасининг нуфузи ва ишлаб чиқаришдаги ютуқларида Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди жамоасининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
А.Бўриев, ЎзА мухбири