Сирдарё вилоятида спорт соҳасида кейинги йилларда муайян ютуқларга эришилаётгани инкор этилмайди. Нуфузли ва халқаро мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритаётган спортчилар вилоят номини ва мамлакат байроғини халқаро ареналарда муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Бироқ соҳадаги ҳолат фақатгина ютуқлар билан чекланиб қолмайди — айрим йўналишларда тизимли муаммолар ҳамон ўз ечимини кутиб турибди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирокида ташкил этилган учрашувда Президент олимпиадаси ҳамда халқаро ва комплекс мусобақаларда муваффақият қозонган спортчилар, уларнинг мураббийлари ва спорт соҳаси мутасаддилари жам бўлди. Самимий руҳда ўтган тадбирда юқори натижалар қайд этган спортчилар ва уларнинг мураббийлари ташаккурнома, эсдалик совғалари ҳамда пул мукофотлари билан рағбатлантирилди. Бу спортчилар учун янги марралар сари ҳаракат қилишда муҳим руҳий қўллаб-қувватлаш бўлди.


Учрашувда вилоят раҳбари спортчиларни ёшлар учун ибрат мактаби сифатида эътироф этиб, давлатимиз раҳбари томонидан спорт соҳасига қаратилаётган эътибор ва яратилаётган шарт-шароитлар натижасида Сирдарёда ҳам спорт инфратузилмаси босқичма-босқич ривожланиб бораётганини таъкидлади. Шу билан бирга, бу имкониятлар ҳар бир спорт мактаби ва мураббий фаолиятида аниқ натижа билан ўз ифодасини топиши шартлиги қайд этилди.
Тақдирлаш маросимидан сўнг, 2025 йилда спорт соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан танқидий-таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда айрим спорт мактабларида ишлар етарли даражада ташкил этилмагани, хусусан олимпия спорт турлари бўйича селекция ишлари, машғулотлар сифати ва иқтидорли ёшларни аниқлаш тизимида жиддий камчиликлар мавжудлиги очиқ айтилди.

Муҳокамада яқинда ўтган Президент олимпиадаси натижалари мисол қилиб келтирилди. Енгил атлетика, спорт курашлари ва таэквондо WT турлари бўйича юқори натижалар қўлга киритилгани ижобий ҳол сифатида баҳоланган бўлса, бадиий гимнастика, стол тенниси, бокс, дзюдо каби бир қатор оммавий ва олимпия спорт турлари бўйича кўрсаткичлар мутлақо қониқарсиз экани кескин танқид қилинди. Бу тайёргарлик ишлари айрим йўналишларда тизимли йўлга қўйилмаганини кўрсатади.
Шунингдек, терма жамоаларга спортчилар етказиб бериш, нуфузли мусобақаларга муносиб захира тайёрлаш масалаларида ҳам узилишлар борлиги таъкидланди. Айрим ҳудудларда иқтидорли ёшлар билан ишлаш ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, мураббийлар фаолиятида ташаббус ва масъулият етишмаётгани танқид остига олинди.
Йиғилиш якунида вилоят раҳбари ҳар бир спорт мактаби, мураббий ва спорт тури кесимида ишларни қайтадан кўриб чиқиш, машғулотлар сифатини ошириш, ортда қолаётган спорт турларини ривожлантириш, селекция тизимини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда мураббийларнинг муаммо ва таклифларини чуқур ўрганиш бўйича аниқ вазифа ва топшириқлар белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, Сирдарё вилоятида спорт соҳасидаги ютуқлар эътироф этилмоқда. Бироқ бу натижалар барча йўналишларда барқарор ва тизимли иш йўлга қўйилганини англатмайди. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш, масъулиятни кучайтириш ва натижага қараб иш олиб бориш орқалигина Сирдарё спортида ҳақиқий сифат ўзгаришига эришиш мумкин.
Сирдарё спортида ғалабалар бор, аммо селекция, тайёргарлик ва масъулият тизими тубдан ўзгармас экан, бу ғалабалар барқарор натижага айлана олмайди. Савол очиқ: Сирдарё спорти эпизодик ғалабалар билан чекланадими ёки барча йўналишларда тизимли натижа берувчи соҳага айланадими? Буни эса, албатта, вақт кўрсатади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири