Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ютуқ ва ғалабалар йили
12:05 / 2026-01-08

2025 йил Гулистон давлат педагогика институти талаба-спортчилари учун ҳақиқий ютуқлар йили бўлди. Институтнинг “Спорт клуби” аъзолари нафақат республика аренасида, балки халқаро майдонларда ҳам муносиб иштирок этишиб, бир қатор ғолиблик ва совринли ўринларни қўлга киритишди.

Йил давомида талабаларнинг барқарор иродаси, узлуксиз машғулотлари ва спортга бўлган садоқатлари энг юқори натижаларга олиб келди. Бу эса институтда спортни ривожлантиришга қаратилган тизимли ёндашув ва тажрибали мураббийлар меҳнатларининг самарасини яққол намоён этди.

Институтнинг Табиий фанлар факультети Жисмоний маданият йўналишининг 1-босқич талабаси Малика Нодирқулова 2025 йил 11-17 май кунлари Тошкент шаҳрида шашка  бўйича бўлиб ўтган “Жаҳон кубоги” мусобақасида 1-ўринни қўлга киритди. Шу йўналиш талабаси Камронбек Абдуманнонов Тошкентда спортнинг Taekwondo GTF тури бўйича ўтказилган Ўзбекистон кубоги баҳсларида  60 кг вазн тоифасида иштирок этиб, фахрли 1-ўринни эгаллади. Сардорбек Аҳатқулов эса Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақасида 82 кг вазн тоифасида тенгсиз маҳорат кўрсатиб, барча рақибларини ортда қолдирди ва фахрли 1-ўринни қўлга киритди.

Институтнинг Гуманитар фанлар ва жисмоний маданият факультети талабаси Сўғдиёна Абдукаримова спортнинг бадминтон тури бўйича Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон кубоги U-19 мусобақасида яккалик баҳсларда 1-ўринга, жуфтлик баҳсларида эса 3-ўринга эришди. Шунингдек, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида Карате (WKF) бўйича ёшлар ва катталар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон кубоги мусобақасида институт талабалари Фарангиз Якубова ва Умид Ваисовлар совриндор бўлишди.

Бобуржон Муҳиддинов Хитойнинг Шенянг шаҳрида эшкак эшиш бўйича ўтказилган U-23 Осиё чемпионатида жуфт эшкакли қайиқ баҳсларида  2-ўринни эгаллаб, кумуш медаль соҳибига айланди. Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтаётган “САКФ Championships–2025” Марказий Осиё чемпионатида Карате WKF йўналиши бўйича Умиджон Ваисов 1-ўринни қўлга киритди.

Талаба-спортчилар Нурмуҳаммад Рустамов  ва Асилбек Баҳриддиновлар Ўзбек жанг санъати тури бўйича ўтказилган   Ўзбекистон кубоги мусобақасида 1-ўринни эгаллашди.

Шу тариқа, 2025 йил Гулистонлик талаба-спортчилар учун нафақат республика, балки халқаро ареналарда ҳам ғалабалар йили сифатида ёдда қолди. Ҳар бир медаль ва ҳар бир ютуқ уларнинг беқиёс иродаси, узлуксиз машқлари ва чуқур маҳоратининг натижаси эканлигини кўрсатади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири