Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юсуфжон қизиқ: “Курашда ғолиб бўлиш учун калла ҳам керак...”
20:37 / 2023-08-23

Кулги дарғалари

Аския – халқимизнинг бетакрор, ўзига хос бўлган ноёб санъат туридир. Зукколик, топқирлик, доноликни ўзида ифода этувчи аския олимларимизнинг эътироф этишларича, бошқа ҳеч бир халқда учрамайди.  

2014 йилда Аския санъати “Инсониятнинг номоддий маданий мероси” репрезентатив рўйхатига киритилган.

Президентимизнинг “Республикада миллий аския ва қизиқчилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  соҳа ривожида муҳим омил бўлди.  

Бугун Ўзбекистонда қизиқчилик санъати, аския жанри ривожига  баракали ҳисса қўшган закий сўз устаси, серқирра ижодкор  Юсуфжон қизиқ Шакаржонов ҳақида сўз юритамиз.  

Эронлик полвонни йиқитган қизиқчи

Юсуфжон қизиқ 1859 йилда Марғилонда туғилган. Дастлабки сабоқларни 1881 - 88 йилларда Зокиржон қизиқ бошчилигидаги қўқонлик қизиқчилар  тўдасидаги Саъди Махсумдан олган.  

Тўда таркибида сўз устаси бутун Фарғона водийсини айланиб чиқар экан, халқ уни театр, цирк томошаларида бошловчи, қизиқчи, муқаллид, ҳажвия, ҳикоялар устаси сифатида севиб қолади.  

Юсуфжон, айниқса, ёшлар билан ишлашни ёқтирар, билганларини, қизиқчилик, раққослик, корфармонлик - бошловчилик, ташкилотчилик сирларини ўргатар эди. Унинг топқирлиги, ҳозиржавоблиги, билағонлиги туфайли ҳар қандай томоша мароқли ўтар эди.

Юсуфжон қизиқ 1904 йилда Тошкентдаги Муллабой Мансуров циркида Ортиқ қизиқ, Собир қори, Қодир қизиқ, Карим Зариповлар билан бирга Самарқанд, Фарғона водийси, Туркистон, Авлиё ота, Пишпакда бўлиб, ўзбек қизиқчилиги, халқ рақсларини намойиш этади. Шу йилларда Қашқарда қатор комедиялар: “Келин тушириш”, “Бола ўқитиш”, “Мамаюсуф”, “Сурат кўрсатиш” каби қатор асарлар намойишига бош-қош бўлди.  

Тиниб - тинчимас қизиқчи кейинчалик Марғилонда қизиқчилар тўдасини тузади. 36 кишидан иборат қизиқчилар тўдасининг чиқишларини аҳоли доим катта қизиқиш, завқ-шавқ билан томоша қилар эди.  

Санъаткор цирк уюшмаси билан Бухорога, кейинчалик Санкт - Петербургга йўл олади. Рус балети, русларнинг цирк санъатини кузатиб, масхарабоз Анатолий Дуров билан танишади. У Филип Юпатовнинг Андижон ва Тошкентдаги чодир циркида қизиқчи дўстлари билан турли комедияларни намойиш этади.  

Қизиқчининг невараси Шуҳрат Юсуповнинг ҳикоя қилишича, эронлик полвоннинг томошасида иштирок этар экан, даврада полвонга бас келадиган одам топилмайди. Даврабошининг қайта-қайта “Полвонга бас келадиганлар борми, орангизда?” деган хитоблари малол келиб, “Бор, мен чиқаман у билан курашишга”, дебди қизиқчи.        

Ёнидаги дўстлари эса, “Ҳой, шаштингдан қайт, сен унинг олдида анча кичиксанку”, деган сўзларига “Енгиш учун фақат куч эмас, “калла” ҳам керак”, дейди кулиб.  

Маҳаллий аҳолининг ҳайрат билан томоша қилаётганидан ғурурланган полвон Юсуфжон қизиқнинг устамонлигини пайқамай қолибди. У чолворини тортиб кийгунича Юсуфжон уни ерга қулатиб, ғолиб бўлган экан. Шундай қилиб, Амир Олимхоннинг ғолибга атаган пул мукофоти Юсуфжон қизиққа насиб этибди. Эронликни енгган ўзбек йигитининг ғалабасидан ғурурланган Амир Олимхон унга яна  бир мукофот - зарбоф тўн ҳадя этган экан.

Уста Олим Комиловга доира, Тамарахонимга рақс сирларини ўргатган устоз 

1918 йилда у яна қизиқчилар тўдасини ташкил этади. Унинг таркибида бир қатор иқтидорли қизиқчилар билан бирга Маматбува, Худойберган исмли ҳофизлар, Отахўжа раққос, доирачи Уста Олим Комилов, Тамарахоним фаолият кўрсатган.  

У Тамарахонимга ўзбек рақсининг сирларини, Уста Олим Комиловга доира чалишнинг 92 усулини ўргатган. 1920 йилда Юсуфжон қизиқ тўдаси тарғибот поездида Ўзбекистон бўйлаб хизматда бўлади.

Кейинроқ Муҳиддин Қориёқубов раҳбарлигидаги Ўзбек давлат этнографик ансамблида қизиқчи, чолғучи, раққос сифатида фаолият кўрсатган. “Қари наво”, “Сарбоз”, “Кема ўйини” рақсларини саҳналаштиришда иштирок этган. Унинг Чўлпон билан ҳамкорлигию, 1930 йилдаги Москвадаги санъат олимпиадасидаги иштирокининг ўзи бир тарих.

Уста Олим Комилов ва Тамарахонимнинг шу олимпиадада жуда катта эътироф, мукофотга сазовор бўлишида ҳам устознинг хизматлари беқиёс бўлган.

Шундай қилиб, умрини санъатга бағишлаган Ўзбекистон халқ артисти, серқирра ижодкор, қизиқчилик, аския санъатининг билимдони Юсуфжон қизиқ уруш ва урушдан кейинги мураккаб даврларда ҳам доимо халқ хизматида бўлди.  

Айниқса, собиқ совет даврларидаги қийин вазиятларда ҳам у рост сўзни айтишдан, қизиқчилик сирларини ёшларга ўргатишдан тўхтамади. Умрининг охиригача халқ хизматида бўлди.  

Ўзидан кейин унинг ишини ўғиллари Зайнобиддин ва Мадаминжон Юсуповлар, Муҳиддин Дарвешов, Мамасиддиқ Ширяевлар давом эттирди. Ҳозирги кунда набиралари Жамолиддин Юсупов, Шуҳрат Юсуповлар ҳам ота-боболари ишини давом эттириб, Фарғона, Марғилон маданият бўлимларида фаолият олиб бормоқда.

Сайёра Рихсиева