English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юртимнинг энг бахтли қизларидан бириман
11:35 / 2022-03-08

Мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, ўз истеъдод ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Юртимизда ўтказилаётган қатор кўрик-танловлар, санъат, спорт фестиваллари эса ёш истеъдод соҳибларининг камол топишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, иқтидорли ва фаол қизларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган Зулфия номидаги давлат мукофоти танлови ўтган йиллар давомида маданият, санъат, фан, таълим, адабиёт ва жамоатчилик йўналишларида юзлаб ёш иқтидор соҳибаларини кашф этди. Жумладан, ўтган йиллар давомида Андижон вилоятидан ҳам 28 нафар қиз ана шу юксак мукофот соҳибига айланди.

Президентимиз фармони билан жорий йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганлар орасида Андижон давлат тиббиёт институти Даволаш факультети талабаси Дурдонабегим Зайнобиддинова ҳам бор.

Ана шу юксак мукофотга фан йўналишида сазовор бўлган истеъдод соҳибаси Дурдонабегим изланувчан, иқтидорли ва фаол талабалардан бири сифатида тиббиёт соҳасида илмий изланишлар олиб бормоқда. Унинг йигирмага яқин илмий мақола ва тезислари юртимиздаги, шунингдек, Россия, Туркия давлатларидаги илмий журналларда чоп этилган.

Дурдонабегим Зайнобиддинова турли йиллар давомида юртимизда ва халқаро миқёсда ўтказилган қатор тибииётга оид илмий анжуманларда фаол иштирок этиб, турли номинациялар бўйича ғолиблар қаторидан жой олган.

У нафақат аъло баҳоларга ўқиши, балки жамоат ишларидаги фаоллиги учун ҳам Андижон вилояти ҳокими стипендияси совриндори бўлди. Шунингдек, Анатомия фани бўйича Москва шаҳрида ўтказилган халқаро онлайн олимпиадада 3-ўринни, “Followers of Avicenna” халқаро олимпиаданинг “Психиатрия фани” йўналиши бўйича 1-ўринни қўлга киритди.

- Мен кундан кунга юксалиб бораётган Ўзбекистоннинг энг бахтли қизларидан бириман, - дейди Дурдонабегим Зайнобиддинова. - Чунки интилишларим, илм-фан йўналишидаги изланишларим юксак баҳоланиб, Зулфия номидаги Давлат мукофотига муносиб топилганлигимдан беҳад бахтиёрман. Эътироф ва юксак мукофот учун мен ва мен каби каби юртимиз ёшларини қўллаб-қувватлаётган, улкан ғамхўрликлар кўрсатаётган юртбошимиздан чексиз миннатдорман. Келажакда билимим, ижодим, меҳнатим билан она Ватанимиз равнақи учун хизмат қиладиган инсон бўлишга сўз бераман.

Тиббиётга оид 1 та патент, 10 та рационализаторлик таклифи муаллифи бўлган Дурдона ҳозирда “Ҳомиладор аёлларда қон-томир касалликларининг олдини олиш ва ҳозирги замонавий даволаш усуллари” мавзусида илмий иш олиб бормоқда.

Ёш бўлишига қарамай юксак марраларни кўзлаб, олға интилаётган Дурдонабегим келажакда янада улкан ютуқларга эришиб, ўзбек ёшлари илм-фан соҳасида дунёдаги бирор бир мамлакат ёшларидан кам эмаслигини, албатта кўрсата олади.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА