Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юртимизнинг зиёрат туризми салоҳияти Мисрда эътироф этилди
16:34 / 2023-10-31

Мисрнинг Daralmaref.com (“Дорул маориф”) ахборот сайтида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими бошлиғи Тоҳир Эвадуллаев интервьюси асосида тайёрланган “Ўзбекистон 2025 йилда Самарқандда муҳташам Имом Бухорий мажмуаси очилишига ҳозирлик кўрмоқда” сарлавҳаси остида мақола чоп этилди.

Марказ ахборот хизматининг маълум қилишича, мақолада Хўжа Исмоил шаҳарчасида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари хусусида, жумладан, қайтадан қурилаётган Имом Бухорий мажмуаси лойиҳаси, бунёд этилаётган меҳмонхоналар, маҳаллий ва хорижий зиёратчилар учун яратилаётган шароитлар ҳақида батафсил сўз юритилган.

Мақолада марказ ва Мисрнинг Ал-Азҳар университети ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолатига алоҳида урғу берилиб, Ал-Азҳар шайхи, доктор Аҳмад Муҳаммад Тоййибнинг 2020 йил март ойида марказга ташрифи  давомида эришилган келишувлар диний-маърифий муассасалар ўртасида илм-фан, таълим ва дин ишлари соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилгани, икки даргоҳ тадқиқотчилари иштирокида онлайн маърузалар ташкил этилаётгани ва китоб тақдимотлари ҳамда йирик нуфузли анжуманлар ўтказилаётгани таъкидланган.

Т.Эвадуллаев интервью давомида Марказни ташкил этишдан кўзланган мақсад, олиб борилаётган илмий фаолият натижалари ҳамда алломалар илмий меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш, Имом Бухорий ва бошқа алломаларимиз қаламига мансуб асарларни ўзбек тилига таржима қилиш ишлари, дунё китоб фондларидан жамланаётган қўлёзма асарлар нусхаларига ҳам алоҳида тўхталган.

Марказ илмий ходими, шунингдек, мамлакатимизда зиёрат туризми истиқболларига эътибор қаратиб, Имом Мотуридий, Имом Насафий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Термизий каби мовароуннаҳрлик мутафаккирларнинг ислом илмлари ривожига қўшган ҳиссаси ва уларнинг хоки, айниқса, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг динимизни кенг тарғиб қилиш учун Самарқандга келган амакиваччалари Қусам ибн Аббос мақбараси айнан диёримизда жойлашганини ифтихор билан тилга олган.

Мақоладан  Самарқанд минтақавий реставрация маркази мутахассиси Ёқубжон Ҳазратқуловнинг юртимиздаги зиёратгоҳларни ободонлаштириш юзасидан олиб борилаётган ишлар хусусида берган маълумотлари ҳам ўрин олган.

Мазкур материал Мисрнинг ahram.org ва almkal.com интернет нашрларида ҳам эълон қилинди.

 

Ғ.Ҳасанов,

ЎзА мухбири