Юртимизнинг ташқи савдо фаолияти қандай ҳолатда?
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигидан маълум қилишларича, 2019 йил якунида Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо айланмаси 42,2 миллиард долларни ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигидан маълум қилишларича, 2019 йил якунида Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо айланмаси 42,2 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,3 миллиард долларга ўсиш демакдир. Хусусан, маҳаллий товарлар ва хизматларнинг экспорти 2018 йилга нисбатан 15 фоизга ўсди.
Экспортнинг асосий улуши қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо металлардан тайёрланган маҳсулотлар, хизматлар, энергия ташувчилар, тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотлари кабилар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Таъкидлаш лозимки, 2019 йил давомида 2700 янги корхона экспорт фаолиятига жалб қилиниб, улар ҳисобига 1 миллиард доллардан ортиқ қўшимча экспорт амалга оширилди. 42 мамлакат бозорларига 206 янги турдаги маҳсулотлар экспорти ўзлаштирилди.
Қайд этиш керакки, импорт кўрсаткичи ҳам 4,8 миллиард долларга ўсди. Импорт таркибини асосан асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлар, хизматлар, қора металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар ташкил этмоқда.
Ўтган йил Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо ҳамкорлари сони 170 дан ошди. Айни вақтда Хитой (7,6 млрд доллар ёки 18,1%), Россия (6,6 млрд доллар ёки 15,7%), Қозоғистон (3,3 млрд доллар ёки 8%), Корея Республикаси (2,7 млрд доллар ёки 6,5%), Туркия (2,5 млрд доллар ёки 6%), Германия (980 млн доллар ёки 2,3) кабилар товар айланмаси бўйича етакчи ҳисобланади.
2019 йил январь-декабрь ойларида МДҲ мамлакатлари билан савдо ҳажми 12,2 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 20 фоизга кўпроқдир. Шу нуқтаи назардан МДҲ мамлакатлари билан умумий савдонинг 54 фоизи Россия, 27 фоизи Қозоғистон, 6,7 фоизи Қирғизистон ҳиссасига тўғри келади.
Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлат орасида - Қирғизистон, Афғонистон, Тожикистон, Эрон ва Франция билан ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси кузатилмоқда.