Халқлар дўстлиги куни муносабати билан мамлакатимизда яшаб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётган турли миллат вакилларидан бир гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра, турли давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази Андижон вилояти бўлими раиси Обиджон Носиров ҳам “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
Мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланган. Энг асосийси, юртимиздаги барча миллат ва элатларнинг тенглиги, ўзаро дўстлиги ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган. Айни кунда Андижон вилоятида турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Ўзбекистон фуқароси сифатида улар амалдаги барча ҳуқуқ ва эркинликлардан тўлақонли фойдаланмоқда. Айниқса, уларнинг ўз она тилларини ўрганишлари, миллий анъана ва урф-одатларини ривожлантириши учун барча шароитлар яратилган.
Миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашда қирғиз миллий маданий маркази вилоят бўлими, хусусан, бўлим раҳбари Обиджон Носировнинг ибратли фаолиятини алоҳида эътироф этиш жоиз. Обиджон Носиров 1960 йилда Жалақудуқ туманидаги Абдуллабий қишлоғида таваллуд топган. Ушбу қишлоқдаги 26-ўрта мактабда таҳсил олди. Кейин Марғилон иқтисодиёт техникумини, Андижон давлат тиллар педагогика институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Жалақудуқ тумани ёшлар ташкилотида бошлаган.
Кейинроқ эса аҳолисининг асосий қисми қирғизлар бўлган Абдуллабий қишлоқ фуқаролар йиғинида аввал, котиб, кейин узоқ йиллар раис бўлиб ишлади. Қишлоқда миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашга, имкон қадар одамларнинг оғирини енгил қилишга, муаммоларини ижобий ҳал этишга ҳаракат қилди.
– Бугун Андижон вилоятида 200 минг нафарга яқин қирғиз миллати вакиллари яшайди, – дейди қирғиз миллий маданий маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари Обиджон Носиров. – Миллатдошларимиз Жалақудуқ, Хўжаобод, Марҳамат, Қўрғонтепа туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида нисбатан уюшган ҳолда истиқомат қилади. Жойларда халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларини давом эттириш учун барча шароитлар яратилган. Марказимиз томонидан вилоятда яшаётган турли миллат ва элатларнинг дўстлиги, тотувлигини мустаҳкамлаш, юртни обод қилиш, тинчлигини асрашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Обиджон Носиров ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан қирғиз миллати вакиллари уюшган ҳолда истиқомат қилаётган ҳудудларда “Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Қудратимиз бирлик ва ҳамжиҳатликда”, “Ўзбекистон – ягона ватаним”, “ Туғилган ер – Ватандир”, “Она ягона, Ватан биттадир”, “Аҳил ва иноқлигимиз – дўстлигимиз пойдевори”, “Шу азиз юрт – барчамизники!” каби мавзуларда маънавий-маърифий тадбирлар, мулоқотлар ўтказиб келинмоқда. Бугун юртимизда яшаётган қирғиз халқи вакилларининг ўз тили, миллий анъана ва урф-одатларини ривожлантириш, келгуси авлодга етказишлари учун барча шароитлар яратиб берилган. Хусусан, вилоятда қирғиз тилида ўқитиладиган 30 га яқин мактаб фаолият кўрсатмоқда. Андижон давлат университети Филология факультети қирғиз тили бўлимида қирғиз тилини ўқитадиган мутахассислар тайёрланмоқда.
– Миллатим қирғиз бўлса-да Ўзбекистон фуқаросиман, – дейди Обиджон Носиров. – Юртимизда олиб борилаётган одилона миллатлараро сиёсат туфайли мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланган. Очиғи, миллатлараро тотувлик юксак даражага кўтарилган Ўзбекистонда яшаётганимдан қалбим фахрга тўлади.
Обиджон Носировни юртимизнинг фаол, фидойи фуқароларидан бири, десак асло муболаға бўлмайди. Айни кунда у нафақат Ўзбекистон қирғиз миллий маданий марказининг вилоят бўлими раиси, балки Халқ демократик партияси Жалақудуқ туман кенгаши раиси, Халқ депутатлари туман кенгаши депутати сифатида ҳам самарали ва ибратли фаолият юритиб келмоқда. Ўзининг ҳалол-поклиги, меҳнатсеварлиги, ташкилотчи ва ташаббускорлиги, фидойилиги билан ҳамкасблари, маҳалладошлари, миллатдошлари, қўйингки, кенг жамоатчилик ўртасида катта ҳурмат-эътибор топа олган. Обиджон Носировнинг оиласи ҳам юртимизнинг ибратли оилаларидан. У турмуш ўртоғи Файзихон билан икки ўғил, уч қизни тарбиялаб, эл қаторига қўшди. Бугун улар ҳам турли жабҳаларда меҳнат қилиб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда.
– Ўзбекистонда яшаётган турли миллатлар, айниқса, қирғиз миллатининг ўзбеклар билан дини, тарихи бир, – дейди Обиджон Носиров. – Улар бугун ҳам бир оила бўлиб аҳил яшаб келмоқда. Демак, икки халқнинг келажаги ҳам бир, буюк келажакни ҳам биз албатта, бирга қурамиз. Турли миллат, элат вакиллари эмин-эркин яшаб келаётган Ўзбекистонимизда миллатлараро дўстлик асло завол топмайди. Чунки, улар она Ватанимиз тинчлиги, равнақи йўлида бир жон, бир тан бўлиб яшамоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),