Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юртимиздаги музейлар ноёб экспонатлар билан қандай бойитиляпти? (+видео)
15:39 / 2023-07-06

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда маданий меросни асраш бўйича олиб борилаётган ишларга бағишланган овозли чат бўлиб ўтди.

Унда агентлик бошқарма бошлиғи Отабек Равшанов ҳамда  ахборот хизмати раҳбари Моҳинур Имомова кузатувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.  

— Маданий мерос агентлигининг вазифалари нималардан иборат?  

— Маданий мерос агентлиги 2021 йилда ташкил этилган. Агентлигимиз асосан маданий мерос объектлари, яъни архитектура, археология йўналишида ва музейлар соҳасида хориждаги маданий бойликларни татбиқ қилиш ҳамда маданий қийматликларни республика ҳудудидан олиб чиқиш, олиб кириш бўйича тартибга солувчи ваколатли орган ҳисобланади.  

— Айни кунларда агентлик ташаббуси билан пойтахтимизда “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусида Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги ўтказилмоқда. Ушбу ҳафталикни ўтказишдан мақсад нима?  

—   Ушбу ҳафта маданий мерос соҳасига қизиққан мутахассислар учун қизғин ҳафтага айланди. Мазкур ҳафталикда дунёнинг 60 га яқин мамлакатидан юзлаб меҳмонлар ташриф буюришган. Маданий меросни асраш, уни тарғиб қилиш, келажак авлодга етказиш, аҳамиятини янада ошириш бўйича фикр алмашиш учун ўзига хос тажриба майдони бўлди.  

Ҳафталик давомида агентлигимиз томонидан Ўзбекистон тарихи давлат музейи филиали, яъни Тошкент музейида “Амалий санъат дурдоналари”, Темурийлар тарихи давлат музейида “Темурийлар даври дурдоналари”, Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида “Туркистон авангарди, макон ва замон оралиғида” номли санъат ва маданият кўргазмалари ташкил этилди, — деди Моҳинур Имомова.  

—Бугунги кунда юртимизда қанча маданий, меъморий, археологик аҳамиятга эга қадимий ёдгорликлар мавжуд?  

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сонли қарорига мувофиқ, моддий, маданий мерос, кўчмас мулк объектларининг миллий рўйхати шакллантирилган, — дейди Отабек Равшанов. — Ушбу миллий рўйхатда бугунги кунда 8 минг 209 та объект давлат муҳофазасига олинган. Мазкур объектларни кенгроқ таснифлайдиган бўлсак, 4787 таси археологик объектлар, 2267 таси архитектура объектлари, 625 таси монументал санъат асарлари. Шунингдек, 530 таси диққатга сазовор жойлар.  

— Музейларимизни ноёб экспонатлар билан бойитиш бўйича қандай ишлар қилиняпти?  

—  Юртимиздаги музейларни ашёлар билан  тўлдириш мақсадида 2022 йил 1 июлдан бошлаб “Миллий меросга менинг ҳиссам” акцияси эълон қилинган. Ушбу акция мустақиллик йилларида ишлаб чиқилган санъат асарларини ҳамда аҳолидаги моддий қийматликларни йиғиб олиш ва музейларнинг фонд коллекцияларини бойитиш бўйича жуда ҳам муҳим қадам бўлди, деб айта оламиз. 

Мазкур акция доирасида коллекционерлар ва аҳолидан моддий қийматликлар харид қилиб олинди. Қувонарлиси уларнинг аксарияти музейларга беғараз топширилди. Аҳолидан жами 3811 та буюм тўпланган бўлса, шундан 3400 таси аҳоли томонидан музей фондларига беғараз топширилди. Улар орасида 147 та ашё соҳа мутахассислари томонидан энг саралари деб эътироф этилди.  

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ddYnT4ViF9g" title="Юртимиздаги музейлар ноёб экспонатлар билан қандай бойитиляпти?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Н.Раҳмонова, А.Содиқов (видео), ЎзА